Иқтисодиёт | 11:54 / 04.07.2018
14674
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё  вилояти  ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажарди

Қашқадарё вилоят ғаллакорлари давлатга дон сотиш шартнома режасини ортиғи билан бажарди. Бу ҳақда KUN.UZ’га вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жорий йил ҳосили учун вилоят фермерлари 143 минг гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос “Яксарт”, “Гром”, “Таня”, “Краснодар – 99”, “Бунёдкор”, “Туркистон” сингари эрта пишар ва серҳосил ғалла навларини етиштирди. Экинлар замонавий технологиялар асосида парвариш қилиниши самарасида майса тупларида бошоқлар бўлиқлиги таъминланиб, кутилган ҳосил етиштирилди. Ҳосилни ривожланишида тажрибали миришкорлар маслаҳати асосида иш юритилгани, сувдан тежаб, оқилона фойдаланилгани ва маҳаллий, минерал ўғитлар билан ўз вақтида озиқлантирилиб, замонавий технологиялар асосида парваришлангани ютуқлар омили бўлди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Вилоятда ўрим-йиғимга алоҳида ҳозирлик кўрилиб, барча юмушлар уюшқоқлик билан ташкил этилди. Мавжуд ғалла майдонлари мавсумга пухта тайёрланиб, 480 отрядга мавжуд комбайнлар бириктирилди. Йирик ҳаракат ва катта меҳнат эвазига етиштирилган донни нес-нобуд қилмай қабул пунктларига ташиш учун 2 минг 300 дан ортиқ техника жалб этилди.

Вилоят миришкорлари томонидан оғир иқлим ва ер шароити бўлишига қарамасдан белгиланган 332 минг тоннадан ортиқ режа бажарилиб, қашқадарёлик миришкор деҳқонлар эл хирмонига яна қўшимча 30000 тоннадан ортиқ ғалла топширишни  мақсад қилишган.

Шартнома режасининг қисқа кунларда ортиғи билан бажарилишига Миришкор, Касби, Муборак, Китоб каби туманлар фермерлари айниқса жонбозлик кўрсатиб, салмоқли ҳисса қўшди.

Вилоятда дони йиғиштириб олинмаган ғалла майдонларида ўрим-йиғим қизғин давом эттирилиб, ғаллазорларида комбайнлар тўла қувват билан ишламоқда. Ҳосилдан бўшаган далалар сомони пешма – пеш йиғиштириб олинмоқда ва сифатли шудгор қилинаётган майдонларнинг бир қисмига мош, ловия ҳамда озуқабоп экинлар экилмоқда. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид