Ўзбекистон | 12:44 / 04.07.2018
39199
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев ўз видеомурожаатида Назарбоевнинг хизматларини эътироф этди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат орқали Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев ҳақидаги фикрларини билдириб ўтди. Бир дақиқадан ортиқроқ давом этган ушбу видео қўшни республика раҳбарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида келтирилган.

«Биринчи навбатда шуни қайд этмоқчи эдимки, тақдир менга  жаҳон даражасидаги сиёсий арбоб – Қозоғистон президенти Нурсултон Абишевич Назарбоев билан ҳамкорлик қилиш ва биргаликда ишлаш имкониятини тақдим этди», – деган Ўзбекистон президенти.

Шавкат Мирзиёев 6 июль куни 78 ёшга тўладиган Назарбоевни катта ислоҳотчи деб атаган. Ўзбекистон Президенти Қозоғистоннинг бугунги кундаги барча ютуқлари Назарбоев номи билан боғлиқ, деб атаган.

«У жудаям келажакка интилган киши. У умуман, ўз ҳаётида ҳам ислоҳотчи. Буни Қозоғистон мустақиллик йилларида эришган ютуқларга қараб ҳам билиш мумкин», – деган ўзбекистонликлар етакчиси.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, Нурсултон Назарбоев эришган энг катта муваффақият – бу мамлакатдаги тинчлик ва хотиржамликдир. У ҳозирда барча мамлакатлар Қозоғистон эришган ютуқларни кўриб турганини қайд этган.

«Менга у билан ишлаш жуда ҳам қулай. Менга у билан тил топишиш жуда осон. Ҳар бир учрашувимиз мен учун ибратли бўлган. Унинг яна бир алоҳида сифати шундаки, Нурсултон Абишевич ҳамиша ўз жамоасига жиддий эътибор қаратади. Бу жамоа эса Президент Назарбоевнинг инқилобий ғояларини ҳаётга татбиқ этади», – дейди Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти ўзининг илк интервьюсини 2017 йил мартида «Казинформ» ахборот агентлиги учун берганди. Ўшанда у ўзбек-қозоқ муносабатлари Марказий Осиёдаги барқарорлик учун аҳамиятли эканини маълум қилиб ўтганди.

Мавзуга оид