Жаҳон | 08:41 / 04.07.2018
5481
2 дақиқада ўқилади

Солсбери яқинида икки киши номаълум моддадан заҳарланганлиги маълум бўлди

Фото: Reuters

Британиянинг Солсбери шаҳарчасидан 10 километр шимолда жойлашган Эймсбери шаҳрида икки киши номаълум модда таъсирида оғир аҳволда касалхонага келтирилган. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.

“Уилтшир полицияси Эймсбери шаҳрида икки киши номаълум моддадан заҳарланганлигини тахмин қилмоқда, - дейилади Уилтшир графлиги полициясининг чоршанба куни берилган хабарида. – Жабрланганлар шифохонага келтирилгунига қадар улар ташриф буюрган Эймсбери ва Солсбери ҳудудидаги барча жойлар эҳтиёт чораси сифатида қуршаб олинади”.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг маълумотларига кўра, 30 июнь куни кечқурун 40 ёшли аёл ва эркак ўз уйларида беҳуш ҳолда топилган. Улар Солсберидаги касалхонага келтирилган бўлиб, иккисининг ҳам аҳволи оғирлигича қолмоқда.

Шу йилнинг 4 мартида Россияда Буюк Британия фойдасига жосуслик қилишда айбланган 66 ёшли собиқ полковник Сергей Скрипаль ва унинг 33 ёшли қизи Юлия Солсберида асабни фалаж қилувчи модда орқали заҳарланганлиги хабар қилинганди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид