Ўзбекистон | 17:30 / 06.07.2018
125159
4 дақиқада ўқилади

Санъат Умаров қамоққа олинди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида гумонланувчи аёлни таҳқирлаган ички ишлар органи ходими капитан Санъат Умаров иши бўйича маълумот берди.

«Kun.uz»га маълум қилишларича, Санъат Умаров айни вақтда қамоққа олинган.

«Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми  ва 235-моддаси (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган Санъат Умаров (1988 йилда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам судланмаган) га нисбатан Самарқанд вилоят прокуратурасининг «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2018 йил 6 июлдаги ажримига муфовиқ айбланувчи Санъат Умаровга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди», дейилган хабарда.

4 июль куни «Озодлик» радиоси Каттақўрғондаги шов-шувли воқеа ҳақида видеоёзув тарқатди. Унда Каттақўрғонда милиция ходими ўғирликда гумон қилинган бир аёлни қип-яланғоч ечинишга мажбур қилгани тасвирланганди. Ички ишлар ходими аёлни шу аҳволда кўчага ҳайдамоқчи бўлади ва бу жараённи видеога олади. Кейинроқ гумондор аёл қўйиб юборилган. Аёл 22 июнга келибгина ушбу ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига ариза ёзади. 

Бу воқеага биринчи бўлиб Бош прокуратура муносабат билдирди ва Санъат Умаров ушлангани ва унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилинди.

«Бу — чидаб бўлмас ҳолат. Қандай лавозим ё унвонда бўлишдан қатъи назар бундай ҳаракатга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди», деганди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

Кейинроқ  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан бири Расул Кушербаев воқеага муносабат билдирди: ​«Улар ўғри деб гумон қилинган аёлни эмас, бутун бошли миллатни, халқни, давлатни ечинтирибдилар. Қонунларимизни, оримизни, эркак деган номимизни оёқости қилибдилар».

Каттақўрғондаги вазият юзасидан бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбаева икки бор фикр билдирди. У қўмита келажакда бундай ҳолатлар рўй бермаслиги учун ИИВ билан музокара ўтказаётганини маълум қилди. 

Энг охири бўлиб Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги баёнот берди. Унда каттақўрғонлик аёлнинг таҳқирланиши билан боғлиқ видеодаги «салбий ҳолатлар» вазирлик ходими томонидан содир этилганини тан олинган. Шу билан бирга Санъат​​ Умаров — ички ишлар органлари сафига тасодифан кириб қолган нопок ходимлигига урғу берилган. 

«Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан бундай салбий ҳолатларни аниқлаш, олдини олиш ва ички ишлар органлари сафларини нопок, тасодифан кириб қолган ходимлардан тозалаш мақсадида, доимий равишда кескин чоралар кўриб борилади», — дейилади баёнотда.

Мавзуга оид