Жамият | 22:56 / 08.07.2018
75203
6 дақиқада ўқилади

Ўзини икки фарзанди билан сойга ташлаган аёл руҳий касал эдими?

Ўтган ойнинг 25 июнь куни Жалақудуқ туманида бўлган мудҳиш ҳодисадан сўнг воқеага ойдинлик киритишни мақсад қилдик.

Хабарингиз бор, Республика Бош прокуратураси 26 июнь куни берган маълумотга кўра, 2018 йил 25 июнь куни соат 10:30 ларда 27 яшар аёл А. белига арқон билан 2 нафар фарзандини (7 яшар қиз ва 3 яшар ўғил) боғлаб, ўзини Андижон вилояти, Жалақудуқ тумани ҳудудидан оқиб ўтган «Шаҳрихонсой» каналига ташлаган, уларни фуқаро Б. ва бошқалар сувдан чиқариб олган. А. нинг ҳаёти сақлаб қолинган, лекин вояга етмаган фарзандлари М. ва Ш. лар воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан А. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этаётгани учун воқеанинг бор тафсилотлари тўла аниқлангани йўқ.

Аёл келин бўлиб тушган “Осуда ҳаёт” маҳалласидаги хонадонидагиларни бўлиб ўтган ҳодиса юзасидан бирор фикр олиш умидида саволга тутишни иложиси бўлмади. Чунки улар карахт ҳолатда экан. Аёл вояга етган “Бешкарам” маҳалласидаги ота уйида ҳам худди шу ҳолат.

Туман ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раҳбари Маликахон Юсупова билан суҳбат давомида шу нарсалар аниқ бўлдики, мудҳиш жиноятга қўл урган аёлнинг оиласи тумандаги “нотинч оилалар” рўйхатида ҳам бўлмаган. Туманда бундай оилалар сони 110 тани ташкил қилади. Турмуш ўртоғи, мунтазам равишда чорва боқиш билан шуғулланиб келади. Вафот этган 7 ёшли қиз фарзанди, тумандаги 25 – мактабнинг биринчи синфида таълим олар эди. Марҳум уч ёшли ўғли эса, даун синдроми билан туғилиб, даволанаётган бўлган.

Ўша куни аёл 3 ёшли ўғлини касалхонага олиб бориш мақсадида туман марказига йўл олади. Сўнг бозорга кириб арқон сотиб олгач, икки фарзандини ўзига боғлаб сувга ташлаган. Бу ҳолатдан қариндош-уруғлари ҳам ҳайрон. Чунки аёлнинг ҳар икки хонадони ўзига тўқ оилалар экан. Туман мутасадди вакилининг айтишича, бутун Жалақудуқни ларзага солган ҳолат бўйича ҳар иккала оила билан ўтказилган суҳбат давомида, аёлнинг баъзида эри билан жанжаллашиб, ота уйига кетиб қолиш ҳолатлари аниқлангани айтилди. Ота-онаси уни ўз уйига бориб яшашини сўрашган. Ҳар қандай ота-она ўз фарзандини турмуши бузилишини хоҳламайди. Ҳозир тергов ишлари кетаётган вазиятда аёлнинг руҳий ҳолати жуда ёмон ҳолатда экан.  Ҳаётнинг энг оғир зарбасига, яъни ўз фарзандлари қотилига айланган аёлнинг ҳолати бошқача бўлиши ҳам мумкин эмаслиги аниқ. Кўнгилсизликлар оқибатида тинмай ота уйига кетиб қоладиган аёлнинг оиласи “нотинч оила” рўйхатига қўшилиб, алоҳида эътиборга олинмагани ҳам муаммоли ҳолат. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги мутасаддилар ҳолатни реал баҳолай олмаган бўлсалар керак.    

Туман ҳокими ўринбосарининг, мулоҳазали катта ҳаёт тажрибасига эга аёл эканлиги кўриниб турибди. Ҳудудда хотин-қизларнинг дард ва қувончларига шерик бўлиб, қатор ишларни амалга ошираётганидан ҳам бохабармиз. У кишининг жойларда қишлоқ аёллари келиб, ўз дардини айтадиган Марказлар ташкил қилиш юзасидан айтганлари ҳам жўяли фикрлар.

Суҳбат давомида мутасадди аёл билан: “500 дан зиёд хонадон истиқомат қиладиган “Осуда ҳаёт” маҳалласида ишлаб чиқариш корхонаси ва бошқа иш жойининг ўзи йўқ. Аёллар учун ишлаш учун биттагина жабҳа бор. У ҳам бўлса дала.  Инсон жамиятда ўз ўрнига эга бўлиб меҳнат қилса, муқим иш жойига эга бўлса, мана шундай ҳолатларнинг олди олинган бўлар эди”, деган фикримиз бир ердан чиқди. Мудҳиш воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ҳақида ўнлаб омилларни келтиришимиз мумкин. Ҳодиса балки, аёлнинг руҳий ҳолати оиласидаги тушунмовчилик ортидан жунбушга келган пайтида  юзага келгандир... Бу ҳолат ҳали кўп таҳлил қилинади. Тергов жараёнида ҳам асл сабабга ойдинлик киритиш учун имконият туғилади.

 “Бўлар иш бўлди” - бир оила икки мурғак фарзандидан айрилди.  Энди бошқа оналарни ана шундай фалокатдан асрашга, авайлашга уринишимиз лозим. Уларнинг руҳий ҳолати - оиласида фаровон яшаши билан ҳам боғлиқ.                                                        

                                                                                                 Ўз мухбиримиз

Мавзуга оид