Ўзбекистон | 18:40 / 10.07.2018
62743
6 дақиқада ўқилади

Президент Ўзбекистонда қуриладиган АЭС ҳақида маълумот берди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 10 июль куни  мамлакатимизда атом электр энергетикасини барпо этиш бўйича ташкилий-техник чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. 

Президент матбуот хизмати хабарида маълум қилинишича, бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб 69 миллиард киловатт-соатни ташкил этади. Бу қувватнинг қарийб 85 фоизи газ ва кўмирни ёқиш орқали, қолган 15 фоизи гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилади. Бунинг учун йилига 16,5 миллиард куб метр табиий газ, 86 минг тонна мазут ва 2,3 миллион тонна кўмир сарфланади.

Келгусида иқтисодиёт ўсиши, аҳоли сони ва турмуш даражаси ошиши эвазига электр энергиясига бўлган талаб янада ортиши кутилмоқда.

«Бу соҳада фақат табиий газ ва кўмирдан фойдаланишни давом эттираверсак, уларнинг мавжуд захираси маълум вақтдан кейин тугаб қолиши мумкин. Бу эса келажак авлод олдида кечириб бўлмайдиган хато ва жиноят бўлади», деган Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Ўзбекистонда тинч мақсадларда фойдаланиш учун атом энергетикасини барпо этишга киришилди. Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси билан ҳамкорликда атом электр станциясини қуриш бўйича келишувга эришилди. Мазкур комплекс 2та энергоблокдан иборат, ҳар бирининг қуввати 1 минг 200 мегаватт бўлади. Атом электр станцияси учун дунёдаги энг хавфсиз ва замонавий эгергоблок танлаб олинган. Уни 2028 йилгача ишга тушириш режалаштирилган. 

Атом электр станцияси барпо этилиши натижасида йилига 3,7 миллиард куб метр табиий газ тежалади. Бу манба қайта ишланиб, юқори қўшилган қийматли нефть-кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 

Атом энергияси экологик тоза ҳам. Бундай станциялар зарарли ис газини ҳосил қилмайди. Натижада табиий газни ёқишдан ҳосил бўладиган ва атроф-муҳитга тарқаладиган ис гази ҳажми йилига 3 миллион тоннага камаяди.

Йиғилишда атом электр станциясини қуриш, ундан фойдаланиш, хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ ташкилий-техник ва амалий ишлар муҳокама қилинди.

Президент шундай объектларни қуриш бўйича ривожланган давлатлар тажрибаси асосида иш тутиш, атом электр станциясини жойлаштириш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиш ва геологик-қидирув ишларини сифатли бажариш бўйича топшириқлар берди. 

Мамлакатимизда янги бўлган ушбу соҳага доир норматив-ҳуқуқий база яратиш, «Атом энергиясидан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ва тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқиш, уларнинг МАГАТЭ талаблари ва халқаро ҳужжатларга мувофиқлигига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

«Бу борадаги барча ишларни мувофиқлаштириш, ҳужжатларни тайёрлаш, лойиҳалаштириш ишлари ва музокаралар олиб бориш учун Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида янги ташкилот тузиш керак. Шу билан бирга, ушбу ташкилот ҳузурида атом электр станциясини қуриш дирекциясини ҳам тузиш зарур. Кейинчалик ушбу дирекция атом электр станциясининг оператори бўлиб қолади», деди давлатимиз раҳбари.

Маълумки, атом электр станциясини қуриш ва ундан фойдаланишда энг замонавий ва мураккаб технологиялар қўлланилади. Бунинг учун эса юқори савияли ва чуқур билимга эга бўлган мутахассислар керак. Шу боис Тошкентда физика соҳасида дунёда етакчи таълим муассасаларидан бири ҳисобланган Москванинг муҳандислик-физика институтининг филиалини очиш мўлжалланмоқда. 

Шунингдек, физика ва техника йўналишларидаги олий ўқув юртларини битирган салоҳиятли кадрларни танлаб олиб, уларни Москва ва Минскка ўқишга ҳамда атом электр станцияларида тажриба орттиришга юбориш бўйича кўрсатма берилди. 

Йиғилишда ҳар бир босқичдаги ишларни пухта ишлаб чиқиш ва амалга оширилаётган ишлар натижадорлигини қатъий назоратга олиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон ва Россия атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорликни 2017 йил декабрида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланганидан кейин бошлаган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати, «Росатом» корпорацияси ва Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ) атом электростанциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича келишув устида иш олиб бормоқда.

«Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв май ойи охирида Тошкентга келганида Ўзбекистондаги биринчи АЭС Навоий вилоятида қурилиши мумкинлигини айтганди.

АЭС учун катта сув ҳавзаси керак бўлади. Навоий вилоятида эса Айдаркўлнинг катта қисми жойлашган. Кўлнинг яна бир қисми Жиззах вилояти ҳудудига тўғри келади.

Станция қуриладиган жой кейинроқ маълум қилинади. «Ўзбекэнерго» компаниясининг стратегик ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Эсо Саъдуллаев бутун мамлакат бўйлаб 10га яқин майдон кўриб чиқилаётганини маълум қилган. Иқтисодий жиҳатдан ва электр энергиясига эҳтиёж катталиги нуқтаи назаридан манфаатли жой танлаб олинади. «Ўзбекэнерго» вакили жаҳон тажрибаси иккита «уч плюс» замонавий авлод энергоблокли АЭС қурилиши 10 миллиард доллар атрофида тушишини қайд этиб ўтган. Молиялаштириш манбалари Россия томони билан биргаликда кўриб чиқилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид