Жаҳон | 08:46 / 12.07.2018
14234
2 дақиқада ўқилади

Назарбоевга Қозоғистон хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқи берилди

Фото: РИА Новости

Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мамлакат хавфсизлик кенгашига умрбод раҳбарлик қилиш ҳуқуқини олди. Эндиликда бу лавозим ваколатлари анчагина кенгайтирилган. 

“Қозоғистоннинг биринчи президенти – Элбошига (миллат етакчиси, Назарбоевга) унинг тарихий миссияси туфайли хавфсизлик кенгашини раис сифатида бошқариш ҳуқуқи умрбод тегишли”, деб айтилган тегишли қонунда.

Аввалроқ қонун парламент томонидан маъқулланиб, 5 июлда президент томонидан имзоланган. Конституциявий кенгаш қонунни конституцияга мос деб тан олган.

Қонун, шунингдек, хавфсизлик кенгашига ички сиёсий барқарорликни сақлаш, конституциявий тузум, давлат мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва Қозоғистоннинг халқаро майдондаги миллий манфаатларини ҳимоялаш мақсадида миллий хавфсизлик ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсатини юргазишни мувофиқлаштирувчи конституциявий орган мақомини беради.

“Хавфсизлик кенгаши ва кенгаш раисининг қарорлари мажбурий ҳисобланади ва Қозоғистон давлат идоралари, ташкилотлари ва мансабдор шахслари томонидан сўзсиз бажарилиши керак”, деб айтилган қонунда. 

Мавзуга оид