Ўзбекистон | 17:55 / 13.07.2018
19232
2 дақиқада ўқилади

Хонободда GM Uzbekistan томонидан илк санаторий фойдаланишга топширилди

Андижон вилоятининг сўлим гўшаси бўлган Хонобод шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли топшириғига асосан барпо этилган “Хонобод” сиҳатгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда ҳукумат, ҳокимлик ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.

Энг сўнгги замонавий тиббиёт ускуналар билан жиҳозланган муассасани бунёд этиш учун GM Uzbekistan компанияси барча зарурий ишларни амалга оширди. Маскан денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган бўлиб, у ўзининг кислород билан тўйинган ва ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ҳамда қуйи нафас органлари, ҳаракат-таянч, асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган.

Муассаса ҳудуди 10,5 гектарни ташкил этиб, барча корпуслар боғ ҳудудида жойлашган ҳамда манзарали дарахтлар, арчалар ва гуллар билан ўралган. Сиҳатгоҳда замонавий спорт майдонлари, сув ҳавзалари, wi-fi, болалар майдончалари дам олувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришлари учун хизмат қилади.

Ўтган давр мобайнида мазкур иншоот барпо этилишида 800 нафар қурувчи ва ишчи ходим хизмат қилди. Муассасанинг ишга тушиши маҳаллий аҳолига ишчи ўринлари яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этди.

Сиҳатгоҳ бир вақтнинг ўзида 200 нафар кишини қабул қилиш имконига эга бўлиб, уларга мажмуанинг 130 дан ортиқ ходими барча зарурий хизматларни кўрсатади.

 

Элмурод Эрматов, Андижон
KUN.UZ  мухбири

Мавзуга оид