Жамият | 18:13 / 13.07.2018
26602
8 дақиқада ўқилади

“Бу йўллар...” лойиҳаси: Жўмашўй-Қўқон йўлига “чангли сафар”  

KUN.UZ таҳририятига аҳолидан келаётган мурожаатларнинг катта қисми бугунги йўлларимизнинг ҳолати ҳақидадир. Дарҳақиқат, жамиятда йўлларнинг ўрни беқиёс. Кенг ва равон йўллар манзилимизни яқин қилади, энг муҳими хавфсизлигимизни таъминлайди.

KUN.UZ биз ҳар куни ҳаракатланадиган йўл дея аталмиш жамият қон томири ҳақида - “Бу йўллар...” лойиҳаси асосида туркум кўрсатувлар тайёрлашни мақсад қилди.

Унда ўқувчиларимиз томонидан юборилган мурожаатларга кўра - халқаро, республика, маҳаллий аҳамиятдаги магистраль ва ички йўлларнинг ҳолати ҳақида мақола ва видеолавҳалар бериб борамиз.

Йирик магистраль ва ички йўллар инфратузилмаси яхши бўлса, ташқи ва ички туризм ривожига хизмат қилади. Ҳайдовчи ва йўловчилар учун савдо ва сервис хизмати ривожланади. Энг асосийси, кўзлаган манзилимизга осон етиб борамиз. Тезкор замонамизда йўлларга эътибор бериш кераклиги - долзарб мавзу.

Аҳоли ва чет эллик меҳмонларга йилнинг ҳар фаслида бирдек хизмат қилувчи сифатли йўллар керак. Чунки биз шунга лойиқмиз. Ўқувчиларимиз йўл соҳаси бўйича мурожаатларини info@kun.uz электрон манзилига ёки телеграмдаги “Kun.uz Bu yo’llar” каналига юборишлари мумкин. 

Водийдаги энг ёмон йўл томон отландик

Мурожаатларнинг аксари қисмида аҳоли - ўз шаҳри, тумани, маҳалласи йўлларининг ҳолати ҳақида арз қилиши бор гап. Шу ўринда айтиб ўтишимиз жоиз, йўллар аҳамиятлилигига қараб турларга бўлинади. Ҳар қандай киши йўл четидаги белгилардан ҳам уларни ажратиб олиши мумкин.

Йўлсозлардан олган маълумотларга кўра - А-373 “Тошкент-Андижон-Ўш-Иргештом-Қашқар» автомобиль йўли – халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўли бўлиб, 4Р-112 “Наманган - Андижон” автомобиль йўли – Республика аҳамиятидаги автомобиль йўли ҳисобланади.  “К” белгили йўллар  - вилоят аҳамиятидаги, “Н” белгиси қўйилгани эса – маҳаллий автомобиль йўлларидир. Ҳозирги кунда “К” ва “Н” ларнининг ҳар иккиси - умумфойдаланувдаги маҳаллий автомобиль йўллари деб юритилмоқда.

Биз энг кўп эътирозлар келиб тушаётган маҳаллий аҳоли – “Наманган-Қўқон йўли” деб атайдиган йўл томон тасвирчимиз Аҳрорбекнинг “Матиз” автомашинасида йўл олдик (“Матиз” масаласига мақола сўнгида яна қайтамиз).

Мингбулоқ тумани маркази бўлган Жумашуй шаҳарчасидан уч километрлар ўтганимиздан сўнг Тегирмон қишлоғидан чап томон бурилгач, 4Р 260 йўлининг 23 километрдан бошлаб йўлнинг ҳолати кескин ўзгара бошлади. Белгидан кўриниб турибди, “Р” ҳарфи унинг республика аҳамиятидаги автомобиль йўли эканлигидан дарак бериб турибди.

Мазкур йўл Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани ҳудудидан ўтиб, Поп тумани “Навбаҳор” қишлоғига туташади, сўнг Фарғона вилояти, Бувайда туманига юзлашиб,  Қўқонга қараб боради.

45-50 километрлик йўлнинг бошланиши чуқурларга тўла, чанг-тўзонли эканлигини кўриб, ҳайратга туша бошладик. Камера ва микрофонимизни кўрган ҳайдовчилар тўхтаб, йўлнинг ҳолати ҳақида гапира кетишди. “Бу йўл охирги марта қачон таъмирланганини билмаймиз. 20 йиллар олдин бўлса керак. Серқатнов йўлдан кунига минглаб автомашиналарда одамлар ўз юмуши билан қатнайди. Йўлда машина минишнинг ўзи азоб. Автомашинамни ҳар ойда ремонт қилишга тўғри келяпти. Бу ҳали бошланиши... 40 километр узоқликда йўлнинг текис жойини топа олмайсиз”, дейди DAMAS машинасида бир гуруҳ отахонларни олиб келаётган ҳайдовчи.

Йўлда давом этамиз. Эҳ-ҳе... Биз шу пайтгача кўриб юрган йўллардаги чуқурлар “Наманган-Қўқон” йўлидаги чуқурлар олдида ҳеч нарса эмас экан! Нақд “автомашина балонини тишлаб олиб қоламан!” дейдиган чуқурлар эди, бу... Бироқ, шундай бўлсада, кўча жуда серқатнов. Қатнайди-да, бошқа йўл бўлмаганидан кейин одамлар нима ҳам қилишсин, ахир. Йўлнинг биринчи ўн километридаёқ, мурожаатларда айтилганидек “энг ёмон йўл”га келганимизни ҳис қилдик.

Йўлсозлар бу ердан ўтганмикан?..

Фикримизча, Наманган йўлсозлари ўз хўжалиги ҳудудидаги мазкур йўлни бутунлай унутиб қўйишган.

Йўл дея аталмиш ўнқир-чўнқир кенгликда на бир йўл белгисини кўрасиз, на бир рисоладагидек бекат. Йўл четидаги бекатларни кўриб, ўзимизни худди ўтган асрга келиб қолгандек ҳис этдик.

Ҳар икки-уч метрда қаторасига дуч келаётган чуқурликдан иборат тўсиқлараро, олдинга интилиб борганимиз сари вазият янада оғирлашиб кетди.

Йўл четида тушлик қилиб ўтирган оилага дуч келдик. Тушиб, ундан адашмаганимизни, ҳақиқатда шу йўл Бувайда тумани орқали Қўқонга олиб боришини сўрадик. У киши шу ерда фермер хўжалигида ишлаши ва айни вақтда йўл бўйига автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси қуриш нияти борлигини айтди. “Йўлнинг аҳволини кўриб турибсизлар. Бу ерда техник хизмат кўрсатиш шохобчасига иш кўп. Фақат бир нарсага ҳайронман. Наҳотки, йўл таъмирлаш корхонаси бу йўл борлигини унутган бўлса?”, дейди Раҳматилло ака.

  

Чуқурга гул экканимиз ҳақида

Йўлнинг 10 километрча қисми чўл ҳудудидан ўтар экан. Эҳтиёт бўлиб, олдинга қараб юрдик. Ўнқир-чўнқирлар оша минг овора бўлиб, йўл ичидан йўл ахтарамиз. Қизиғи, бу йўл - қоидаларга бўйсунмаслик йўли. Чап ва ўнг томон қоидаси унга бегона. Текисроқ жой излаган ҳайдовчилар ўнг томондан чап томонга бемалол ўтиб ҳаракатланишарди. Чанг-тўзон кўтариб ўтаётган автомашиналарнинг ҳолига қараб бўлмайди.

Дўкон, техник хизмат кўрсатиш жойлари умуман йўқ. Йўл-йўлакай ўтаётган улов эгаларидан суҳбат олиб, бир ярим соатда Фарғона вилояти Бувайда туманига етиб келдик. Фарғонага ўтишимиз билан йўлнинг сифати ўзгарди. Ҳарқалай, бироз текис ва равон йўлга чиқиб, нафас ростладик.

Узоқ йиллардан бери фермерлик қилиб келаётган онахонни кўриб уни суҳбатга тортдик. “Бу йўл ўз пайтида жуда равон эди. Қўқон бозорига наманганликлардан тортиб,  Андижоннинг Балиқчи, Улуғноридан машиналар келади. Ўша ҳудудлар учун асосий йўл шу-да?.. Ўз вақтида автобуслар тизимли равишда қатнарди. Ҳозир ҳам бозорчилар шу йўлдан минг қийналиб ўтади. Телевизорда кўргандим, қайсидир давлатда шундай чуқурларга мутасаддиларни эътиборини қаратиш учун аҳоли гул экиб кетар экан”, онахон шундай дея, уйидан бир дона гул кўчати олиб берди.

Қайтишда йўловчиларга тўла “Икарус” автобусига дуч келдик. Ҳайдовчи дардини эшитадиган кишилар борлигидан хурсанд бўлганини кўрсангиз эди... У киши гапни қисқа қилди: “Ҳайдовчилар маҳаллий аҳолига пул бериб, қадоқларга тупроқ тўлдиришади. (“Қадоқ” Наманган шевасида ўйдим-чуқурни билдирар экан). “Катта”лардан сўранг, укалар. Қачон йўлимиз таъмирланади?”.

Атрофда юрган болалар билан битта чуқурга гул экдик. Бироқ бу йўлдаги барча “қадоқ”ларга гул эксак ўн минглаб гул кўчатлари кетиши тайин экан.

Хулоса

“Бу йўллар...” лойиҳасининг илк мақоласи жуда чўзилиб кетди. Мақола ва видеолавҳа тайёрлашдан  мақсадимиз мазкур муаммога Наманган вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ва Мингбулоқ туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси мутасаддиларини эътиборини қаратишдан иборат. Юқорида айтганимиздек, йўллар жамиятнинг қон томирига қиёсланади. Мазкур муаммони тез орада ижобий ҳал этилишидан умидимиз бор.

P.S. Тасвирчимиз Аҳрорбекнинг “Матиз”и ўша куни “ходовой” қисми ишдан чиққани учун тўғри устахонага борди.

Элмурод Эрматов,
KUN.UZ журналисти
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов
Наманган-Фарғона

Мавзуга оид