Ўзбекистон | 09:19 / 14.07.2018
20137
4 дақиқада ўқилади

НАТО етакчиларининг баёноти Ўзбекистон раҳбари мурожаати билан тўлиқ ҳамоҳанг

Фото: Ian Langsdon/EPA

2018 йилнинг 11-12 июль кунлари Брюсселда НАТОнинг навбатдаги саммити бўлиб ўтди ва унда Шимолий Атлантика шартномаси ташкилотига аъзо 29 мамлакатнинг давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этишди.

Унда альянснинг жорий кун тартиби масалалари муҳокама этилиши билан бирга, Афғонистон Ислом Республикасида тинчликни тартибга солиш истиқболларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Саммит иштирокчилари «Кескин мадад» миссияси бўйича Қўшма баёнот қабул қилишди ва унда шу йилнинг 28 февралида бўлиб ўтган Афғонистонда хавфсизлик соҳасида тинчлик ва ҳамкорликка бағишланган Кобул жараёнлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 26-27 март кунлари Тошкентда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш муаммоларига бағишлаб ўтказилган «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» конференцияси якунларини алоҳида эътироф этишди.

НАТОга аъзо давлатлар етакчиларининг баёноти Ўзбекистон раҳбарининг Афғонистонда вазиятни сиёсий жиҳатдан тартибга солиш ва уни минтақадаги иқтисодий жараёнларни жалб қилиш сиёсати ва халқаро ташаббуслари жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинганининг навбатдаги тасдиғи бўлди. 2018 йилнинг 22 июнида қабул қилинган БМТ Бош Ассаблеясининг Марказий Осиё бўйича резолюциясида ҳам Афғонистондаги можароларни узил-кесил ҳал қилиш ишида Тошкент конфренциясининг муҳимлиги ҳам алоҳида қайд этилган.

Маълумки, Тошкент конференцияси ишида кўплаб бошқа меҳмонлар қаторида НАТОга аъзо кўплаб давлатларнинг вакиллари, шунингдек, альянс бош котиби ёрдамчисининг ўринбосари ҳам иштирок этган эди. Мазкур форум Афғонистонда афғон раҳбарияти ва халқининг ўзи томонидан амалга оширилаётган миллий ярашув жараёнларини қўллаб-қувватлашда жаҳон ҳамжамияти саъй-ҳаракатларини жипслаштиришга кўмаклашувчи бурилиш воқеаси бўлган эди.

Ўзбекистон раҳбарияти ташаббусларини кенг қўллаб-қувватланаётганлиги шу билан тушунтириладики, учрашув қатнашчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган Тошкент декларацияси Афғонистонда тинчлик жараёнларини илгари суриш бўйича минтақивий ва глобал даражада биргаликдаги ҳаракатлар учун сиёсий асос ҳамда мустаҳкам халқаро муроса кўрсаткичи бўлди.

Ўзбекистон пойтахтида ўтган конференция доирасида ҳосил бўлган сиёсий муҳит «Тошкент руҳи» деб аталди ва Афғонистонда содир бўлаётган жараёнларга жалб этилган барча томонлар ўртасида конструктив мулоқотлар фаоллашиши учун рағбат уйғотди.

Ўзбекистон бошқа давлатларнинг Афғонистонда миллий ярашувни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган ва тинчлик жараёнларига кўмак бериш, бу мамлакатда барқарорликка эришиш, шунингдек, унинг ижтимоий-иқтисодий қайта тикланиши бўйича бошқа давлатлар ва ташкилотларнинг саъй-ҳаракатлари ва ташаббусларини қўллаб-қувватлайди.

Афғонистон бўйича Тошкент форумида қилган чиқишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев Афғонистондаги тинчлик жараёнлари ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланиши учун молиявий кўмак кўрсатишда етакчи қудратли давлатлар ҳамда донор ташкилотлари томонидан принципиал сиёсий қўллаб-қувватлашни таъминлаш ўта зарурлигини таъкидлаб ўтган эди.

НАТО етакчиларининг Брюсселда шу йилнинг 12 июлида афғон можаросига миллий муроса асосида сиёсий ечим топишга эришиш зарурияти ва муҳим ечимлар бўйича баёноти Ўзбекистон раҳбарининг жаҳон ҳамжамиятига мурожаати билан тўлиқ ҳамоҳангдир.

Мавзуга оид