НАТО саммитидан кейинги матбуот анжуманида чиқиш қилган АҚШ президенти Доналд Трамп, унинг мудофаа вазири Пит Ҳегсет ва давлат котиби Марко Рубио билан / Фото: The New York Times

25 июнь куни жаҳон сиёсатининг диққат марказида турган ҳодиса — НАТО етакчиларининг йиллик саммити бўлди. Унда НАТО давлатлари АҚШ президенти Доналд Трампнинг бир неча ойлик босимидан сўнг, 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ЯИМнинг 5 фоизигача оширишга келишиб олди.

Иттифоқчиларнинг қўшма баёноти

НАТОга аъзо 32 давлат етакчилари имзолаган Қўшма баёнотда улар «чуқур» хавфсизлик таҳдидларига қарши бирлашганликларини таъкидлаган.

«Биз Вашингтон шартномасининг 5-моддасида мустаҳкамланганидек, коллектив мудофаа принципига — аъзолардан бирига қилинган ҳужум ҳаммага қилинган ҳужум деган тамойилга — собит содиқлигимизни яна бир бор қатъий тасдиқлаймиз. Биз бир миллиард фуқаромизни, Альянсни ҳимоя қилиш ва озодлик ҳамда демократиямизни асраш борасидаги қатъий қароримизда собитқадам қоламиз», дейилади.

Фото: НАТО

Баёнотда «Россиянинг узоқ муддатли таҳдиди» ва терроризм алоҳида кўрсатиб ўтилди. Бу йилги баёнотда, ўтган йилдагидан фарқли равишда, Россиянинг Украинага бостириб кириши қоралаб ўтилмаган.

«Чуқур хавфсизлик таҳдидлари ва муаммолари, хусусан, Евро-Атлантика хавфсизлигига Россиянинг узоқ муддатли таҳдиди ҳамда терроризмнинг давомли таҳдиди қаршисида бирлашган ҳолда, Иттифоқчилар 2035 йилга бориб ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 5 фоизини йиллик равишда асосий мудофаа эҳтиёжлари, шунингдек, мудофаа ва хавфсизлик билан боғлиқ харажатларга сарфлаш мажбуриятини оладилар».

Бу маблағнинг 3,5 фоизи анъанавий ҳарбий эҳтиёжлар — аскарлар, қуроллар, снарядлар ва ракеталар учун ажратилади. Бу ҳозирги 2 фоизлик мақсаддан анча юқори. Қолган 1,5 фоиз эса «ҳарбийликка яқин» лойиҳалар — йўллар ва кўприкларни яхшилаш, фавқулодда соғлиқни сақлаш хизматлари, кибермудофаа ва фуқаролик барқарорлиги каби соҳаларга сарфланади.