Украинанинг эътирозлари, Швециянинг қувончи, Туркиянинг ғарбга юз тутиши — Вилнюсдаги саммит якунлари
Литва пойтахтида НАТО саммитининг икки кунлик расмий қисми ниҳоясига етди ва унинг якунлари аввалдан тахмин қилинганидек бўлди. Швеция НАТО аъзосига айланади, Киев эса ўзи умид қилган алянс аъзолигига таклифга эриша олмади.
Бироқ, Ғарб давлатлари Россия билан уруш якунланганидан сўнг Украинани тезлаштирилган тартибда НАТОга қабул қилишини билдириб, унга формал равишда пешвоз чиқди. Бундай жараён Финландия ва Швецияга нисбатан муваффақиятли қўлланди.
Бироқ НАТОга аъзо бўлишнинг аниқ муддатлари тилга олинмади, бошқа муайян ваъдалар ҳам берилмади, бу эса Украина ва НАТО муносабатларининг келгуси сценарийлари очиқ қолганини билдиради. Фақат Оқ уй уруш «динамик жараён» эканини таъкидлаб, шу боис муддатлар бўйича аниқ келишувлар белгиланмаганини таъкидлади.
Туркия ва Швеция
Саммит аввалида НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Швеция бош вазири Улф Кристерссон ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув ўтказиб, Туркия ҳукумати ортиқ Швециянинг НАТОга аъзо бўлишига тўсқинлик қилмаслигини эълон қилди.
Эрдўған Швециянинг алянсга аъзо бўлиши ҳақидаги баённомани ратификация қилиш учун парламентга жўнатишга рози бўлди. Бунинг аввалида у Туркиянинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиши учун йўллар очилишини сўради. Туркия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлишини келугси ҳафта охиригача ратификация қилиши мумкин. Венгрия ҳам Туркия изидан бориб, бу аъзоликни маъқуллайди. Шундай қилиб, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши олдида айрим техник тўсиқлар қолди, холос.
Аввалроқ Туркия ҳукумати Россия-Украина уруши тугагунига қадар Туркияда қолиши лозим бўлган Украинанинг «Азов» полки командирларини озод қилган эди. Экспертлар фикрича, бу воқеаларнинг бари Анқара Москвага нисбатан ўз ташқи сиёсатини ўзгартираётганидан далолат беради, деб ёзади Reuters.
Туркиянинг 180 даражага ўзгариши НАТОнинг муҳим саммитигача кўп ойлик оғир музокаралар натижаси, «унда алянс етакчилари, жумладан АҚШ президенти Жо Байден бир фронт бўлиб туриб, Владимир Путинга унинг Украинадаги уруши алянсни фақат кучайтирганини кўрсатиб қўйишди», деб ёзади Bloomberg нашри.
The Wall Street Journal нашрининг собиқ дипломатларга таяниб ёзишича, Эрдўған сиёсатининг ўзгариши сабабларидан бири РФ президентининг вагнерчилар исёни фонида ўзини ожизона тутгани бўлиши мумкин. Экспертларнинг кўпчилиги Туркия Россия билан алоҳида муносабатларидан воз кечмасдан туриб, Ғарб билан муносабатларини яхшилашга уриниб кўради, деган фикрда.
Туркия бу йўлда Ғарбда қандай шартларни савдолашгани ҳозирча номаълум. Аввалроқ Швеция Туркиянинг ЕИ аъзоси бўлишини қўллаб-қувватлашини эълон қилганди. Anadolu нашри Туркия ҳукуматидаги олий мартабали мансабдорга таяниб ёзишича, ЕИга аъзоликни қўллаб-қувватлашдан ташқари, Туркия иқтисодиётига жорий этилган санкциялар бекор қилинади, турклар учун визалар эркинлаштирилади.
Украина
Саммит олдидан НАТО давлатларининг кўпчилиги Киевнинг алянсга қўшилишини қўллаб-қувватлаётганди. Уларнинг айримлари Украинани НАТОга Вилнюсдаёқ таклиф қилиш кераклигини билдирди, бошқалари бу ишни Россия билан уруш тугаганидан сўнг амалга ошириш кераклигини таъкидлади. Иккинчи тоифа орасида Германия ҳам бор эди. ГФР томони фикрича, Украинанинг НАТОга шошилинч қабул қилиниши алянснинг Россияга қарши уруш эълон қилишини англатади. Америкалик сиёсатчиларнинг бунга қўшимча қилишларича, ҳозирча Исроил модели бўйича иккитомонлама хавфсизлик кафолати бўлади (гап доимий ҳарбий ёрдам кафолатлари, жумладан, ҳарбийларни тайёрлаш ва қурол-яроғ етказиб бериш ҳақида кетмоқда).
Экспертлар тахмин қилишганидек, НАТО давлатлари Украинанинг алянсга аъзо бўлишини соддалаштиришга рози бўлишди, лекин ҳозирча уни таклиф қилишдан тийилишди. Киев «барча иттифоқчилар рози бўлгач ва барча шартлар бажарилгач» таклифнома олиши қайд этилди. Шундан сўнг Украина НАТОга аъзолик бўйича ҳаракатлар режасини тайёрлаши ва тақдим этиши керак бўлади, дейилади биринчи кун якунлари бўйича чиқарилган коммюникеда.
Бироқ, ҳужжатда бошқа муайян ваъдалар йўқ. Ғарб нашрларида қайд этилишича, асосий иборалар 2008 йилда Бухарестда ўтган саммитнинг якуний ҳужжатларидаги жумладан кўп ҳам фарқланмайди. Ўшанда НАТО илк марта Украина алянс аъзоси бўлишини ваъда қилган эди.
Матбуот анжумани чоғида журналистлар Украина алянсга кириши учун қандай шартларни бажариши кераклиги ҳақида Столтенбергга қайта-қайта саволлар беришди. У умумий тарзда жавоб қайтарди, улардан асосийлари — Украинадаги кенг миқёсли уруш тугаши, коррупцияга қарши кураш зарурияти, давлат бошқаруви институтларини модернизация қилиш бўйича ислоҳотлар, шунингдек, НАТО стандартларига мос бўлиш.
Зеленскийнинг саммитдаги нутқини ғарб матбуоти фаол шарҳлаб турди. The Washington Post ўз манбасига таяниб ёзишича, НАТО саммитидаги АҚШ делегацияси Украина президентининг алянсни танқид остига олганидан «ниҳоятда ғазабланган». Politico нашри эса Зеленскийнинг саммитдан кўнгли тўлмаслигини тушуниб турган ва «у ниҳоятда ҳаддидан ошяпти», деган дипломатларнинг сўзларини келтирган.
Financial Times нашри эса Кремл содир бўлаётган воқеаларни синчиклаб ўрганаётгани, НАТОнинг Украина бўйича позициясида бўлиниш ёки салгина юмшаш юз берса ёки муайян қарорларнинг йўқлиги ҳам Москвани илҳомлантириши мумкин, деб ёзди. The Guardian нашрининг НАТОдаги манбалари фикрига кўра, Зеленский НАТО давлатларининг «кучсизлиги» ҳақида гапириш орқали қатъий оммавий дипломатиядан фойдаланиб, Вилнюс саммитининг якуний коммюникесини иттифоқчиларга қайтадан ёздиришни мақсад қилганди.
Буюк Британия мудофаа вазири Бен Уоллес, ўз навбатида, Украина Ғарбнинг ёрдами учун фаолроқ ташаккур билдириши кераклигини шама қилган. Унинг сўзларига кўра, украинлар эҳтимолли ёрдамни қўлга киритиш учун шу қадар шошмоқдаки, олинган нарсалар учун «раҳмат» айтишни ҳам унутиб қўйишмоқда. «Бу бизга ёқадими-йўқми, лекин одамлар бирозгина бўлса ҳам ташаккур билдирилишини кўришни исташади», — деган Уоллес ва Киевнинг бу қадар қатъий талаблари айрим иттифоқчиларнинг узоқлашишига сабаб бўлиши мумкинлигини қўшимча қилган. Уоллес 2022 йилда Киевга етиб бориш учун 11 соат вақт сарфлагани, шаҳарга қадам босиши ҳамоно унинг қўлига зарур қурол-яроғлар рўйхатини тутқазишганини эслаган. Шундан сўнг у кутиб олувчи томонга «Биласизми, биз онлайн бозорда эмасмиз», деган.
Биринчи кун якунларига кўра, НАТО аъзолари Киев учун аъзолик жараёнини қисқартирган, қуйидаги уч элементдан иборат Украина учун кенгайтирилган сиёсий ва амалий ёрдам пакетини маъқуллашган:
- НАТО аъзоси бўлиш учун ҳаракатлар режасини бажариш бекор қилинади, яъни Украина алянсга аъзо бўлишининг енгиллаштирилган варианти тақдим этилади: икки босқичли жараён бир босқичлига айланади;
- Украина армиясини модернизация қилиш ва уни НАТО стандартларига ўтказиш учун йилига 500 млн долларлик узоқ муддатли ҳарбий ёрдам дастури;
- Кризисли вазиятларда маслаҳатлашув платформаси бўлувчи НАТО–Украина кенгашини ишга тушириш.
Саммитнинг иккинчи кунида Украина президенти ҳиссиётларини анча босиб олган эди. 12 июл куни эрталабки брифингда Зеленский иттифоқчилари билан муҳокама қилишни режалаштираётган учта асосий масалани анонс қилди. Бу қурол-яроғ етказиш, Украинани НАТОга таклиф қилиш ва алянсга аъзо бўлиш йўлида хавфсизлик кафолатлари масаласи. Шундан сўнг у Германия канцлери Олаф Шолц, Канада бош вазири Жастин Трюдо, Австралия бош вазири Энтони Албенизи, Буюк Британия бош вазири Риши Сунак ва Нидерландия бош вазири Марк Рютте билан учрашди.
НАТО бош котиби билан ўтган қўшма матбуот анжуманида Зеленский Шимолий Атлантика блокига аъзо бўлишнинг икки босқичли жараёни олиб ташлангани учун ташаккур изҳор этди ва «Украина барча шартларни бажарганидан сўнг» алянсга аъзо бўлиши мумкин деган жумлани қандай баҳолаши ҳақидаги саволга жавоб берди. Зеленский «Украина ўз ҳамкорларидан бошқачароқ шароитда яшамоқда ва украиналикларнинг асосий вазифаси — тирик қолиш», деди.
«Саммит натижалари жуда яхши, агар таклиф бўлганида идеал бўларди. Биз ҳозир кимлардир бизнинг аъзолигимиз ҳақида гапиришга қўрқаётганини тушуниб турибмиз, чунки ҳеч ким жаҳон уруши келтириб чиқаришни истамайди.
Биз цивилизациялашган инсонлармиз, токи уруш борар экан, НАТО аъзоси бўлолмаслигимизни тушунамиз, бироқ бугун муҳим ишоралар берилди. Бу ишораларга кўра Украина НАТО аъзосига айланади ва бу ишонч илк марта янграмоқда. Мен бунга тупроғимизда тинчлик ҳукмрон бўлганидан сўнг эришишимизни тушунаман. G7 давлатлари мамлакатимиз учун хавфсизлик кафолатларини маъқуллашса бу Украина учун аниқ муваффақият бўлар эди», — деган Зеленский.
Йенс Столтенберг яна алянс позициясини такрорлаб, НАТО Украинани қанча зарур бўлса, шунча қўллашда давом этаверишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Украина НАТОга ҳар қачонгидан яқин. «Мен иттифоқчи сифатида учрашадиган кунларимизни интизорлик билан кутмоқдаман», — деган Столтенберг Зеленскийга.
Украина президенти офиси раҳбарининг маслаҳатчиси Михайло Подоляк Украина 2024 йилда уруш тугагач, НАТОнинг Вашингтонда ўтадиган навбатдаги саммитида таклифнома олиши мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.
Шундан сўнг Вилнюсда НАТО–Украина кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Алянсга аъзо давлатлар етакчилари фикрича, кенгаш тузилиши шу вақтгача мавжуд бўлиб келган НАТО-Украина комиссиясининг даражаси ошганини кўрсатган ва Украинани келгусида алянсга аъзо қилиш учун ташланган қадам бўлган. Кенгашда Украина иттифоқчилар билан тенг мақомда иштирок этади ва зарурият туғилганда унинг ўзи ҳам кенгаш чақириши мумкин. Илк йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган.
Йиғилишдан сўнг Зеленский НАТО–Украина кенгаши украиналикларга «зарур институционал аниқлик»ни тақдим эта олишини таъкидлаган.
«Биз учун НАТО–Украина кенгаши шунчаки шериклик эмас, интеграция воситаси бўлиб хизмат қилади. Биз НАТО аъзолиги томон одимлар эканмиз, Украина алянс сари йўл давомида иш берадиган хавфсизлик кафолатларига муҳтож. Ҳозир биз тегишли кафолатлар пакетига эга бўлдик», — деган Зеленский.
Саммит ёпилишидан аввал Financial Times газетаси G7 давлатлари Украина НАТО аъзосига айлангунга қадар узоқ муддатли хавфсизлик кафолатларининг умумий рамкали принципларини келишиб олишгани тўғрисида хабар берди. Хавфсизлик кафолатлари Киевга қуруқликдаги, ҳаво ва денгиз кучлари учун замонавий ҳарбий техникалар етказилишини тақозо этади ва уни бажаришни АҚШ, Канада, Германия, Буюк Британия, Франция, Италия ва Япония ўз зиммасига олади. G7 давлатлари шунингдек Украина қуролли кучларининг шахсий таркибини шуғуллантириш, разведка маълумотлари билан бўлишиш, киберхавфсизлик соҳасида ёрдам беришни амалга оширишади. Булардан ташқари, «катта еттилик» давлатлари Украинанинг саноат базасини кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу мажбуриятлар эвазига G7 Украинадан, жумладан, армия устидан ҳуқуқий ва фуқаролик назоратини ўрнатиш соҳасида ҳам ислоҳотлар ўтказишни кутмоқда. G7 давлатлари баёнот қабул қилиб, сўнгра уни имзолашганини Япония бош вазири тасдиқлаган.
Financial Times нашри қайд этишича, G7 давлатларидан хавфсизлик кафолатлари моҳиятан «ғарб давлатларида бу борада қилинган баёнотларини формаллаштириш ҳамда Украина ва НАТОнинг «бургут янглиғ» аъзоларини тинчлантириш»га қаратилган. Уруш давомида Украинани ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш амалиёти шунчаки умумлаштирилиб, қоғозга туширилган. Саммитда Зеленский иттифоқчиларига бу «хавфсизлик соябони» учун ташаккур билдирган, Украина иккитомонлама кафолатларни кутаётгани, бироқ «Украина учун энг яхши кафолат — НАТО аъзолиги» эканини яна бир бор эслатган.
Вилнюс саммитининг бошқа якунлари
НАТОга аъзо давлатларнинг қўшма баёнотида Россия НАТО хавфсизлигигига энг катта хавф туғдирувчи давлат сифатида эътироф этилган. Алянс Украинага бостириб кириш учун Москвани айблаган, халқаро ҳуқуқ поймол этилганини қоралаган ва Украина ҳудудларининг аннексия қилинганини тан олмаслигини яна бир бор такрорлаган. Якуний коммюникеда алянс барқарорлик ва Евро-Атлантика минтақасида ҳамда НАТО-Россия муносабатлари олдиндан тахмин қилиш мумкинлигига эришишни истаётгани қайд этган. НАТО зиддиятга интилмаслиги ва Россия Федерацияси учун ҳеч қандай таҳдид эмаслигига урғу берилган.
Россиянинг Украинага босқини туфайли Шимолий Атлантика алянси ўзининг мудофаа концепциясини қайта кўриб чиқишга қарор қилган. НАТО давлатлари Россия ҳужум уюштирганда минтақавий мудофаа режасини тасдиқлашган. Режада қуруқликда қўшинларнинг тезда кенгайтириш усуллари; денгиз, ҳаво, кибермакон ва космосдан туриб уюштириладиган эҳтимолли ҳужумлардан ҳимояланиш усуллари батафсил кўрсатиб ўтилган. Алянс аъзоларига ўз қўшинларини модернизация қилиш ва логистикани яхшилаш бўйича тавсиялар берилади. НАТО давлатлари, шунингдек, мудофаа учун харажатларни оширишади — алянс талабига кўра у энг камида ЯИМнинг 2 фоизини ташкил этиши керак бўлади. Бундан ташқари, Столтенберг НАТОга аъзо давлатлар 2023 йилда ҳарбий харажатларини 8,3 фоизга оширишини эълон қилди. НАТОнинг 300 минг аскари юқори ҳарбий тайёргарлик режимида доимий бўлади.
Кремлнинг НАТО саммитига реакцияси нисбатан вазмин бўлди. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков саммит «Россияга қарши қаратилган яққол ифодали характерга эга» эканлигидан шикоят қилган. У НАТО томонидан Украинага хавфсизлик кафолатлари тақдим этилишини «фавқулодда хато ва жуда хавфли потенциалга эга», деб баҳолаган. Унга кўра, Ғарб давлатлари бу ишлари билан «хавфсизликнинг бўлинмаслиги тўғрисидаги халқаро принципларни ҳисобга олишмаяпти».
«Яъни, улар Украинага хавфсизлик кафолатлари тақдим этиб, Россия Федерациясининг хавфсизлигига рахна солишмоқда. Бу мутлақо мумкин эмас. Ўрта, узоқ, ҳаттоки яқин истиқболда ҳам бу ўта ва ўта салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин», — дея огоҳлантирган Песков.