13:13 / 14.07.2018
25028

Улуғбек Раҳматуллаевнинг лицензияси қайтариб берилди

Фото: Instagram/Ulug'bek Raxmatullayev

Жорий йилнинг 27 июнидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Улуғбек Раҳматуллаевнинг  вилоятларда ўтказилган тадбирларда иштирок этмаганлиги туфайли хонанданинг лицензияси тугатилганлиги ҳақида хабар берган эдик. Орадан ярим ой вақт ўтиб, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси таниқли хонанданинг лицензиясини қайтариб берди.

Муассаса расмий сайтининг билдиришича, Улуғбек Раҳматуллаев ташкилотга мурожаат билан чиқиб, ўз хатосини тушуниб етганлигини ва ўз ташаббуси билан чекка ҳудудларда концерт бериш ниятида эканини билдирган.

Унинг бу мурожаати муассаса томонидан қўллаб-қувватлангач, хонанда жорий йилнинг 10 июль куни Самарқанд вилоятининг Нуробод тумани, Жом қишлоғида ўзининг хайрия концерт дастурини тақдим этган.

«Улуғбек Раҳматуллаевнинг ўз хатосини тушуниб етганлигини ва ўзи ташаббус кўрсатиб хайрия концерт дастурини намойиш этганлигини инобатга олиб, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳузуридаги Ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи йиғилишида 11 июлдан хонанданинг  лицензияси қайтариб берилиши маъқул деб топилди», - дейилади ташкилотнинг расмий билдиришида.

Top