Иқтисодиёт | 14:30 / 16.07.2018
7770
2 дақиқада ўқилади

Хитой Жаҳон савдо ташкилотига АҚШ устидан шикоят қилди

© AP Photo / Stephen B. Morton

Хитой АҚШнинг Хитой маҳсулотларига нисбатан қўшимча божлар жорий этишни режалаштиргани муносабати билан Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) мурожаат қилди, дейилади ХХР тижорат вазирлиги баёнотида.

Аввалроқ Вашингтон Хитойдан келтириладиган йилига 200 миллиард долларлик маҳсулотларга 10 фоизлик қўшимча чеклов жорий этишини билдирганди. Пекинда бу ҳаракат номақбул деб баҳоланди ва зудлик билан ЖСТга мурожаат қилишга ваъда беришди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Қўшма Штатлар Хитой Америка маҳсулотларига бўлган интеллектуал ҳуқуқларни бузгани учун 1,3 мингта Хитой маҳсулотларига импорт божи киритишини маълум қилганди.

Ўз навбатида Хитой давлат кенгаши штатлардан импорт қилинадиган 106 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик божларни жорий этишга қарор қилди. 

Июнь ойи ўрталарида АҚШ ХХРда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этди, бу Америкага импорт қилинадиган Хитой маҳсулотларининг ўндан бир қисмига нисбатан қўлланилди. 

Хитой ҳам ўз навбатида АҚШдан импорт қилинадиган 659 номдаги маҳсулотга 25 фоизлик кириш божи жорий этишини маълум қилди. 

Мавзуга оид