Ўзбекистон | 16:47 / 01.06.2025
4106
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Буюк Британия билан ЖСТга аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади

Лондондаги музокаралар натижасига кўра, Буюк Британия Ўзбекистон ЖСТга аъзо бўлиш доирасида келишувга эришган 24-давлатга айланди. Июн ойида тегишли баённомаси имзоланиши кутилмоқда.

Фото: Азизбек Ўрунов \ LinkedIn

Ўзбекистон Буюк Британия билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда президентнинг ЖСТ масалалари бўйича махсус вакили Азизбек Ўрунов LinkedInʼдаги саҳифаси орқали маълум қилди.

«Ўтган ой охиридан бери биз Буюк Британия билан икки томонлама музокаралар ўтказиш учун Лондонда бўлдик. Энди мен улар якунланганини эълон қилишдан мамнунман. Шундан бери биз 2025 йил 12 июн куни Женевада бўлиб ўтадиган Ишчи гуруҳнинг 10-йиғилиши доирасида баённомани имзолаш учун ички тартиб-қоидалардан ўтдик», — деб ёзади Ўрунов.

Шунингдек, у Буюк Британия бозорга кириш бўйича икки томонлама музокаралар муваффақиятли якунланган 24-давлат бўлганини қайд этди.

Аъзоликни «қатъий қўллаб-қувватлагани» учун Буюк Британияга, «тинимсиз меҳнати учун» Ўзбекистон музокаралар гуруҳига ўз миннатдорчилигини билдирган.

«Икки томонлама келишувларни якунлаш учун ЖСТнинг яна бир неча аъзоси қолди», — деб ёзади Азизбек Урунов.

Май ойида президент ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда уни сифатли ва тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли топшириқлар берганди. Хусусан, жорий йилда қолган 9 та мамлакат билан икки томонлама музокараларни якунлаш, Ишчи гуруҳининг 2 та йиғилишини ўтказиш ҳамда Ишчи гуруҳнинг ҳисобот лойиҳасини якунлаш орқали Ўзбекистоннинг ЖСТ доирасидаги мажбуриятларини тўлиқ шакллантириш вазифалари аниқ белгилаб берилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид