Ўзбекистон | 17:30 / 16.07.2018
10811
3 дақиқада ўқилади

Умидсиз солиқ қарзининг тугатилиши тадбиркорликка янги имкониятларни беради

Суд бошқарувчилари томонидан ундирилиши умидсиз бўлган солиқ қарзини банкротлик таомили асосида тугатиш бўйича жорий йилнинг ўтган I ярим йиллигида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, йўл қўйилаётган камчиликлар танқидий муҳокама этилди.​ Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси расмий вакили Kun.uz'га маълум қилмоқда.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Олий Суди, Бош прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Марказий банк мутасадди раҳбарлари билан ҳамкорликда умидсиз солиқ қарзини тугатиш орқали тадбиркорликка имкониятлар яратиш юзасидан олиб борилаётган ҳамкорликдаги ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ташкил этилди. Тадбирда узоқ муддатлардан буён тугатилмай турган 277,5 млрд. сўмлик солиқ қарзига эга 762 та корхонага иқтисодий судлар томонидан тайинланган Суд бошқарувчиларининг ҳисоботлари эшитилди.

«​Хусусан, Тошкент шаҳридаги 82 та корхонанинг 69,8 млрд. сўмлик, Наманган вилоятидаги 265 та корхонанинг 58,3 млрд. сўмлик ва Сурхондарё вилоятидаги 21 та корхонанинг 50,7 млрд. сўмлик умидсиз солиқ қарзи 3 ойдан ортиқ муддатларда тугатилмасдан турганлигига эътироз билдирилиб, уларни тугатиш бўйича аниқ муддатлар белгилаб олинди»​, дейилади қўмита хабарида. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 30 декабрдаги ЎРҚ-455-сонли қонуни билан киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, якка тартибдаги тадбиркорлик мақомини йўқотган жисмоний шахсларнинг солиқ қарзига нисбатан ҳам банкротлик таомили қўлланилиши амалиётга жорий этилди.

Ушбу тоифадаги якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган 30,7 млрд. сўмлик солиқ қарзи мавжуд 5123 нафар жисмоний шахсга нисбатан банкротлик ишини очиш бўйича қўшимча яна 550 нафар солиқ органи ходимларига 4-тоифали Суд бошқарувчиси аттестатини олиш учун махсус ўқишларни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига таклиф киритилди.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати

Бундан ташқари, бугунги кунда ўз ечимини кутаётган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2013 йил 31 майда 2463-сон билан рўйхатдан ўтказилган «​Давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслардан қатъий белгиланган солиқни ундириш тартиби тўғрисида»​ги Низом билан солиқ органлари томонидан 9460 нафар жисмоний шахсга 34,4 млрд. сўмлик қатъий белгиланган солиқнинг йиллик суммаси миқдорида ҳисобланган солиқларнинг тўланмаганлиги натижасида уларнинг солиқ қарзи ундирилишида учраётган муаммолар муҳокама этилиб, мазкур Низом бекор қилиниши юзасидан тегишли таклифлар киритилиши белгилаб олинди.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид