Жамият | 19:28 / 20.07.2018
5865
4 дақиқада ўқилади

Банк хизматлари учун навбатни онлайн банд қилиш тизими яратилди

Фото: getty images

Вақт инсоннинг ҳеч нарсага алмаштириб ва ортга қайтариб бўлмайдиган энг қимматбаҳо бойликларидан бири ҳисобланади. Тезкор замонамизда бу бебаҳо хазинанинг қадри янада ошиб, олтинга тенг ҳар лаҳзасидан оқилона фойдаланиш зарурати кучаймоқда. Ана шундай бир вазиятда узундан узун навбатда туриш ва вақтни беҳуда йўқотиш кишининг ғашига тегиб, асабини эговлайди, охир-оқибат турли нохушликлар ҳамда ҳақли эътирозлар пайдо бўлишига олиб келади.

Ўзбекистон банк тизимида мижозларга турли қулайликлар яратиш мақсадида инновацион технологиялардан кенг фойдаланилмоқда. Чунончи, Самарқанд вилоятида банк мижозлари навбатини белгилаб берадиган технологиялар кенг қўлланилмоқда.

Барчамизга аёнки, банкларда навбатни банд қилиш имконияти мавжуд (фақат банк биносига келган мижозлар учун). Вақтни ғанимат билиб, ундан унумли фойдаланишга интиладиган банк мижозлари ушбу технология орқали ўз навбатларини аниқ вақтга банд қилишлари мумкин! Улар ҳатто шу ойнинг аниқ куни ва соатига ёки кейинги ойнинг аниқ куни ва соатига навбат учун буюртма берсалар бўлади.

Ушбу тизим қандай ишлайди?

1. Хизматни онлайн банд қилиш учун онлайн тизим яратилади. Бу поезд ёки самолёт чиптасини онлайн харид қилишга ўхшайди. Тизим орқали қуйидаги маълумотлар киритилади:

•        исм-шариф;

•        паспорт серияси (ёки банк мижозининг ID рақами);

•        банкка ташриф буюриш вақти (5 дақиқа фарқи билан);

•        қайси банкка ташриф буюриш;

•        банкнинг қайси хизматидан фойдаланиш;

•        олдинроқ бошқа киши томонидан банд қилинган вақт мижоз буюртма ойнасида кўринмайди;

•        бошқа зарур маълумотлар.

2. Банк хизматини онлайн банд қилиш учун мижозларга умумий тизим тақдим  этилади. Тизимга уланиш учун ҳар бир банкка алоҳида логин ва парол берилади. Ушбу логин-парол орқали тизимга уланган банк ходими экранида қуйидаги маълумотлар кўринади:

•        банк хизмати учун навбатни онлайн банд қилганлар жадвали (энг яқин вақтдагиси юқорироқда кўринади);

•        уларнинг исм-шарифи, паспорти серияси (ёки банкдаги ID рақами), қайси йўналишда хизмат олиши, навбат вақти;

•        кўрсатилган хизматлар бўйича статистик маълумотлар (нечта онлайн навбат олинаётгани, қайсилари муваффақиятли амалга оширилгани, қайсилари қониқарсиз ўтгани);

3. Тизим қуйидаги тартибда ишлайди:

•        мижоз навбатни онлайн банд қилади;

•        банк ходими ушбу буюртмани онлайн кўради;

•        мижоз белгилаган вақтидан 5 дақиқа фарқи билан етиб келади;

•        банк ходими навбатдан унинг буюртмасини тўғрилигини текширади;

•        онлайн навбатни банд қилган мижозга ўзи белгилаган вақтда навбатсиз хизмат кўрсатилади;

•        ва ҳоказолар.


Дилшод Умирзоқов,
Марказий банк Самарқанд вилояти
Бош бошқармаси бош мутахассиси

 

Мавзуга оид