Ўзбекистон | 22:50 / 21.07.2018
9414
2 дақиқада ўқилади

Австриялик мутахассис Шерматовга маслаҳатчи бўлди

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Австрия фуқароси, АҚШнинг нуфузли Йель университети битирувчиси, Игорь Митчка халқ таълими тизимидаги ислоҳотларда кўмаклашиш мақсадида вазирлик жамоасига қўшилди. Вазирлик матбуот хизмати хабар беришича, у Митчка ўзи ҳам Йель университети битирувчиси ҳисобланадиган Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг чақириғига жавобан тизимда бошланган ислоҳотларга беғараз ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистонга келган ва вазир маслаҳатчисига айланган.

Игорь Митчка молия соҳасида халқаро тажрибага эга бўлиб, 2015−2017 йилларда дунёдаги йирик инвестицион банкларидан бири ҳисобланган Goldman Sachs банкида фаолият юритган.

Митчка Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қўйилган вазифаларни амалга ошириш устида иш олиб бораётган махсус эксперт-таҳлил гуруҳида янги Таълимни ривожлантириш маркази концепциясини яратиш бўйича ишламоқда. Эксперт мактаб битирувчилари замон талабларига тайёр бўлишлари учун таълимга янгича ёндашувларни жорий этишда хорижлик ҳамкорларни жалб этиш билан фаол шуғулланмоқда.

Хусусан, муваффақиятли карьера қилиш учун  зарур бўладиган қуйидаги малакаларни ўқитишни такомиллаштириш имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда:

– дастурлаш ва АКТ имкониятларидан фойдаланиш;

– тадбиркорлик кўникмалари ва музокаралар;

– муваффақиятга эришиш учун ўқувчилар иштиёқини ошириш.

«Мазкур маслаҳатчининг жалб қилиниши таълим соҳасига энг янги ғояларни жорий қилиш, шунингдек, хорижлик ҳамкорлар  билан биргаликдаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш имконини беради», дейилади вазирлик матбуот хизмати хабарида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид