Ўзбекистон | 13:56 / 24.07.2018
5862
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда оммавий халқ геопортали яратиляпти

Фото: Pixabay

Ўзбекистон Республикаси давлат ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси Жаҳон банки ёрдамида “Кўчмас мулк ва кадастр ҳужжатларини рўйхатга олиш тизимларини модернизациялаш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки томонидан 20,0 млн АҚШ доллари миқдорида заём тақдим этилган.

Бугунги кунга келиб, лойиҳа доирасида халқаро ва маҳаллий консалтинг компаниялари жалб қилинган бўлиб, улар билан ҳамкорликда ахборот тизими дизайни, техник спецификацияларни ишлаб чиқиш ишлари бажарилмоқда, жамоатчиликка ахборот тақдим этиш кампанияси бошланган, кадастр ҳужжатларини, картографияга оид ва бошқа архив материалларини рақамлаштириш методологияси ишлаб чиқилмоқда. Янги очиқ координаталар тизимини ва космик съёмка материаллари ҳамда кадастр индексли харита бўйича тузилган яхлит (чоксиз) растрли базавий харитага асосланган оммавий халқ Геопорталини яратиш бўйича ишлар амалга ошириляпти.

Шунингдек, ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида геофазовий маълумотларнинг электрон ҳукумат тузилмасига интегралланиши, геофазовий маълумотлардан фойдаланиш, уларни алмашиш ва умуммиллий миқёсда қўллаш, давлат органлари, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив хизматларни сифатли тақдим этиш имконияти яратилади. Кўчмас мулкка оид ҳуқуқлар ва кадастр маълумотларидан очиқ фойдаланиш имкониятининг яратилиши Ўзбекистондаги инновацион муҳитнинг яхшиланишига кўмаклашади.

Мавзуга оид