Ўзбекистон | 15:25 / 26.07.2018
17594
9 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизими янгиланиши зарур

Фото: Fotolia

Барча соҳаларда бўлгани каби олий таълим тизимида ҳам жиддий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Лекин сифатли мутахассис тайёрлаш учун ушбу ўзгаришлар етарли эмас. Кадрлар тайёрлаш тизимида қатор муаммолар борки, уларни ҳал этмай туриб, етук мутахассислар тайёрлаш ҳақида гапириш эрта, дейилади “Маърифат” нашрида эълон қилинган мақолада.

Аввало, олий таълимга талабаларни қабул қилиш тизимини бутунлай ўзгартириш керак. Сабаби, ҳозирги тизим ўқишга қабул қилинаётган талабанинг шу соҳага қай даражада иқтидори ва қобилияти бор-йўқлигини аниқлаш имкониятини бермайди. 

Абитуриентнинг хотираси кучли бўлиши ва белгиланган блоклар бўйича тестларни ёдлаб олиши мумкин. Бироқ у танлаган соҳасига қизиқадими, иқтидори борми, келажакда шу касбнинг етук мутахассиси бўлиб ишлай оладими каби саволлар очиқ қолмоқда. 

Айрим хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари қошида бир йиллик тайёрлов курслари мавжуд бўлиб, уларда абитуриентнинг танлаган касбига қизиқиши ва айнан шу йўналишга иқтидори бор-йўқлиги аниқланади ҳамда шунга қараб олий таълим муассасаларига ўқишга киришга тайёрлайди. Бизда ҳам шу каби тизим жорий этилиши фойдадан холи бўлмайди. 

Олий таълим тизимида юритилаётган меъёрий ҳужжатлар сони ва сифати ҳақида кўп гапирилаётган бўлишига қарамасдан ҳалигача мазкур масала ҳал этилмаяпти. Масалан, давлат таълим стандарти, малака талаблари, намунавий фан дастурлари, ишчи фан дастурлари, ўқув-услубий мажмуалар, мавзувий-тақвим режа каби. Ушбу ҳужжатлардан, аслида, ўқув жараёнида деярли фойдаланилмайди. Лекин тез-тез ўтказиладиган текширув ва ўрганишлар жараёнида айнан шу ҳужжатлар талаб қилинади. Табиийки, улардан ўқув жараёнида фойдаланилмагани учун камчиликлар аниқланади. 

Йирик муаммолардан яна бири меъёрий ҳужжатларга (малака талаблари, ўқув режа, дастур каби) ҳар йили узлуксиз равишда (2013 йилдан бери) “илғор хорижий тажриба”лар асосида ўзгартиришлар киритилаётганидир. Аслида, ҳужжатларга катта ўзгартиришлар киритилмайди (бир фан номи жарангдор қилиб ўзгартирилади), лекин ҳужжатлар “такомиллаштирилиши”, янгидан ишлаб чиқилиши, уларни тасдиқлатиш учун эса мутасадди идоралар розилиги ва имзолар йиғилиши шарт. Тўғри, ўзгартириш ва янгиликлар киритилишига ҳеч ким қарши эмас, агар шулар таълим сифатини яхшилашга ҳисса қўша олса! Ҳар йили киритилаётган ўзгартиришлар натижани аниқлаш имконини бермаяпти. Айтайлик, 2017 йили ўзгартириш киритилган ўқув режа асосида таҳсил олаётган талаба ўқишни 2021 йилда тамомлайди. Жорий этилган янгиликлар натижасини, талабанинг қандай мутахассис бўлиб етишганини таҳлил қилмай туриб, 2018 йилда яна янги ўқув режаси ва ҳужжатлар ишлаб чиқилмоқда. 

Олий таълим муассасаларига ўқув режаларидаги фан блоклари ва таркибини соҳа хусусиятидан келиб чиқиб мустақил белгилаш, соҳадаги инновацияларни ҳисобга олган ҳолда тезкорлик билан ўзгартиришлар киритиш, ўқиш даври, амалиёт, таътил ва имтиҳонлар вақти ва тартибини эркин белгилаш ҳуқуқи берилиши лозим. Фан блокларига (масалан, гуманитар ва табиий-илмий фанлар 25—30 фоиз, умумкасбий фанлар 35—50 фоиз, ихтисослик фанлари 15—25 фоиз каби) ва ўқув даврининг умумий ҳажмига (масалан, назарий таълим 55—60 фоиз, аттестация 6—10 фоиз, таътил 14—18 фоиз) қўйилган фоизлар чеклови бекор қилиниши, барча имкониятлар ва ажратилган соатлар фақат етук мутахассис тайёрлашга йўналтирилиши зарур. Шундай қилинса, 4 йил эмас, балки 3 йилда ҳам олий маълумотли, етук бакалаврлар тайёрлаш мумкин. 

Яқин 4-5 йилдан бери олий таълим муассасалари рейтингини аниқлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ деярли барча олий таълим муассасалари бир хил кўрсатма ва бир қолипдаги меъёрий ҳужжатлар асосида фаолият олиб бораётгани боис уларнинг рейтинги ҳам ўхшаш. Талаб қилинадиган, юритиладиган ҳужжатлар, андозалар ўзгартирилмас экан, олий таълим муассасалари аро соғлом рақобат, кадрлар сифати ва рейтинг кўрсаткичлари борасида бирор-бир ижобий натижага эришиш қийин. 

Яна бир муаммо ўқитувчилар малакасини ошириш тизимининг самара бермаётганидир. Ҳар йили кўплаб ўқитувчилар ишдан ажралган ҳолда икки ой (288 соат) давомида (чунки малака ошириш марказларининг ҳам ўз режалари бор, йилига муайян фоиз ўқитувчининг малакасини ошириши керак) “мажбурий” малака оширишга жалб этилади. Афсуски, малака оширишга бориб келгач, ўқитувчиларнинг аксариятида ижобий тарафга ўзгариш бўлганига, дарсни энг замонавий технологиялар асосида қойиллатиб ўтганига гувоҳ бўлмайсиз. Қолаверса, малака ошириш ўқув жараёни пайтида бўлади. Ўқитувчиларнинг икки ойлик дарсини ким ўтади? Ўқитувчилар касбий салоҳиятининг етарли даражада эмаслиги ҳам тизим олдида турган муаммолардандир. Деярли барча олий таълим муассасаларида ўз соҳасининг усталари билан бир қаторда ўртамиёна ўқитувчилар ҳам ишламоқда. Ўқитувчиларнинг касбий ва педагогик компетенцияси ҳамда рейтингини мунтазам аниқлаб, таҳлил қиладиган, уларнинг натижаларига кўра рағбатлантириш ёки лавозимини пасайтириш, тизимдан четлатиш (ўз устида ишлаб, маҳоратини оширмас экан) имконини берувчи тизим йўлга қўйилиши, ўқитувчи фаолиятига талаблар қайтадан кўриб чиқилиши лозим. 

Вазифаларни қоғозда бажаришга беҳуда вақт сарфланяпти, ўқитувчилар ва дарслар сифати эса эътибордан четда қолмоқда. Масалан, “Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув, илмий-методик, илмий-тадқиқот, ташкилий-методик, маънавий-ахлоқий ва тарбиявий ишлар юкламасини аниқлаш қоидалари”(Адлия вазирлигида 2720-рақами билан 2015 йил 19 октябрда рўйхатга олинган, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2015 йил 9 сентябрдаги 5-2015-сонли буйруғи билан тасдиқланган)ни қайтадан ишлаб чиқиш ўқитувчилар фаолияти учун ўта муҳим. Мазкур қоидаларга кўра, ўқитувчи зиммасига 6 та вазифа юкланмоқда. Уларни камайтириш, педагогларнинг ўз устида ишлашига, касбий маҳоратини оширишига кенгроқ имкон яратиш учун мазкур қоидаларни такомиллаштириш лозим. 

Ўқув жараёнини тартибга солувчи ҳужжатлардан яна бири — “Олий таълим муассасаларида талабалар билимини баҳолаш тўғрисида низом”га ҳам замон талабларидан келиб чиқиб ўзгартириш киритилиши шарт. Иккала ҳужжат ҳам икки йилдан бери охирига етказилмай, лойиҳа ва таклифлигича қолиб кетмоқда. Ваҳоланки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қошида олий таълим муаммоларини аниқлаб, ҳал этиши, тизимни ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшиши мумкин бўлган йирик ташкилот — Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази мавжуд. Мана шу ташкилот ўз вазифасини ҳаққоний бажарганида ҳозирги муаммолар тўпланиб қолмас ва тизим ривожига тўсиқ бўлмасди. 

Талабаларнинг ўзлаштиришини баҳолаш тизими бутунлай ислоҳга муҳтож. Бунда талаба шунчаки балл йиғиш учун эмас, балки яхши мутахассис бўлиш учун ўқисин! Сир эмас, ҳозирги кунда аксарият талабалар юқори коэффициентли стипендия учун “ўқимоқда”. Сессия пайтида айрим ўқитувчи ва аксарият талабаларнинг асл қиёфаси намоён бўлади. Тамагирлик, таниш-билишчилик каби иллатлар авж олиши, айрим талабалар ор-номус ва ғурурини унутиб, “беш” ёки “тўрт” баҳо учун турли усулларни қўллаши, уввос солиб йиғлашдан тортиб, ўз жонига қасд қилиш билан қўрқитишгача бориши кузатилади. Талабаларга стипендия тўлаш тизими ислоҳ қилинса, шу каби нохуш ҳолатларга чек қўйилади. 

Яна бир оғриқли масала — талабаларнинг бюджет ва тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиниши. Ушбу усул тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган ёшнинг талабаликнинг дастлабки кунидан, битиргунига қадар ўзини бир поғона пастда ҳисоблашига сабаб бўлади. Кимдир 4 йил ўқиш учун пул тўлаш нималигини билмайди, кимдир эса ҳар йили тўлов муддати яқинлашганда “пулни қандай тўлайман”, дея юрак ҳовучлаб туриши ачинарли ҳол! Шунинг учун олий таълим муассасаларига бюджет ўринлари ажратилмаслиги, ҳамма тўлов-шартнома асосида қабул қилиниши керак. Шартнома суммаси миқдорини эса стипендия тўламаслик эвазига ҳозирги ҳолатдан 50—70 фоизгача камайтирилган ҳолда белгилаш мақсадга мувофиқ. Шунда тенг ҳуқуқлилик таъминланади ва шартнома пули миқдори юқорилиги сабаб уни тўлаш билан боғлиқ муаммолар ҳал этилади. 

Азиза Каримова

Мавзуга оид