15:21 / 27.07.2018
4980

Япония ўлим жазосидан ҳали-бери воз кечмоқчи эмас

Япония адлия вазири Ёко Камикава яқинда "Аум Синрикё" сектасининг 13 раҳбари қатл этилиши ортидан янграган танқидларга жавобан мамлакат яқин келажакда ўлим жазосидан воз кечмаслигини маълум қилди.

"Ўта жиддий ва ваҳшиёна жиноятлар содир этган шахсларга нисбатан ўлим ҳукмини қўллашни бекор қилмаслик керак деб ўйлайман ва бу масала яқин келажакда кўриб чиқилмайди", — деди Камикава журналистларга.

Фото: kyodonews

Киодо агентлигининг хабар беришича, 2014 йилда Япония ҳукумати томонидан ўтказилган жамоатчилик сўровларида японларнинг 80,3%и ўлим жазосини қўллаб-қувватлаган ва фақатгина 9,7%и қарши чиққан. Хориждан билдирилган танқидларга жавобан японияликлар Японияда бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ жиноятчилар жиноят жойидаёқ отиб ташланмаслигини айтишган.

Эслатиб ўтамиз, "Аум Синрикё" 1987 йилда Сёко Асахара томонидан ташкил этилган. Турли маълумотларга кўра, секта аъзолари сони 30 мингдан 50 минггача кишини ташкил қилган, улардан 10 минг нафари Россияда бўлган.  

1994 йилда секта аъзолари Нагано префектурасидаги Мацумото шаҳрида зарин заҳарли моддаси сочиши оқибатида 7 киши ҳалок бўлган. 1995 йил мартида сектачилар Токио метросида худди шу усулни қўллаши оқибатида 13 киши ҳалок бўлган, 6,3 минг киши турли даражада заҳарланган. Ўшанда полиция сектанинг 30 га яқин етакчисини қўлга олган. Улардан 13 нафари, жумладан секта бошлиғи Сёко Асахарага нисбатан ўлим жазоси чиқарилган.

Top