Жаҳон | 19:21 / 30.07.2018
18824
2 дақиқада ўқилади

Путин Скрипаллар иши бўйича терговчини тақдирлади

Фото: Михаил Метцель / ТАСС

Президент Владимир Путин Россия тергов қўмитасининг қатор терговчиларини тақдирлаш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат 30 июль, душанба куни РФ ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Мукофот олганлар орасида фавқулодда вазиятлар ва терактлар, фирибгарлик ҳолатлари бўйича ишларни юритган терговчилар ҳам бор. Хусусан, Жасорат орденини Тергов қўмитаси раиси ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчи Константин Криворотов олди. У 224 кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган Синайдаги А321 бортидаги терактни тергов қилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда Тергов қўмитаси раиси ҳузуридаги алоҳида ишлар бўйича катта терговчи Сергей Чернишевнинг исми бор. У полковник Захарченко ва Солсбери шаҳрида заҳарланган Юлия ҳамда Сергей Скрипаллар иши бўйича терговни олиб борган.

II даражали «Ватан олдидаги хизматлари учун» ордени медали Роман Нестеровга топширилди. У Россиянинг собиқ иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаев ишига раҳбарлик қилган. Худди шундай орден билан Киров области собиқ губернатори Никита Белих иши бўйича терговчи Роман Мукачев ҳам тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Скрипалларни заҳарлашда гумонланаётганлар Буюк Британиядан қочиб кетгани хабар қилинганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид