Иқтисодиёт | 15:27 / 30.07.2018
37593
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда нархларнинг ошишига нима сабаб бўлгани маълум қилинди

Фото: KUN.UZ

Марказий банк 2018 йил II чораги якуни бўйича сўровнома ўтказди. Унда жами 437 та корхона ва ташкилотлар иштирок этди. Сўровномани ўтказиш жараёнида республика иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган “Ўзбекнефтегаз” АЖ, “Ўзбекэнерго” АЖ, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “Ўзкимёсаноат” АЖ, “Ўзшаробсаноат” АЖ, “Ўздонмаҳсулот” АЖ, “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Ўзэлтехсаноат” АЖ таркибига кирувчи корхоналар ҳамда «Олмалиқ тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Навоий тоғ-кон металлургия комбинати» АЖ, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК каби йирик корхона ва ташкилотлар қамраб олинган.

Сўровнома доирасида корхона ва ташкилотларда маҳсулотлар (иш, хизматлар) нархларининг ўзгариши ўрганилганда, респондентларнинг 38 фоизи сўнгги чорак мобайнида нархларни оширганлигини қайд этган. Бунда, ушбу корхона ва ташкилотларнинг 82 фоизида нархлар 15 фоизгача бўлган миқдорда оширилган бўлиб, респондентларнинг 31 фоизида нархларнинг ошиши 1-5 фоиз оралиғида, 39 фоизида 6-10 фоиз оралиғида ҳамда 12 фоизида 11-15 фоиз оралиғида шаклланган.

Тармоқлар кесимида қаралганда, корхона ва ташкилотларнинг тоғ-кон саноатида 60 фоизида, кимё саноатида 47 фоизида, қурилиш материаллари саноатида 39 фоизида, озиқ-овқат саноатида 40 фоизида ва енгил саноатда 32 фоизида маҳсулотлар нархлари жорий йилнинг I чорагига нисбатан ошган.

Қурилиш ишлари соҳасида респондент корхона ва ташкилотларнинг 77 фоизида, транспорт соҳасида респондент корхона ва ташкилотларнинг 48 фоизида, тиббий хизмат соҳасида эса фақатгина 22 фоизида иш ва хизматлар нархлари оширилган. 

Бунда, респондентларнинг 65 фоизи нархлар ошишининг асосий сабаби сифатида хом-ашёлар нархларининг ошишини кўрсатган. Хусусан, хом-ашёлар нархларининг ошиши корхона ва ташкилотларнинг 22 фоизида 1-5 фоиз оралиғида, 39 фоизида 6-10 фоиз оралиғида, 16 фоизида эса 11-15 фоиз оралиғида шаклланган.

Ўз навбатида, респондентларнинг 40 фоизи сўнгги чорак давомида импорт қилинган хом-ашёлар нархининг ошганлигини маълум қилган. 

Мавзуга оид