Ўзбекистон | 21:40 / 02.08.2018
35623
2 дақиқада ўқилади

ИИВ Қорақалпоғистондаги «самосуд» юзасидан расмий ахборот берди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Шоббоз» ҳафталик деҳқон бозорида содир бўлган воқеа юзасидан расмий маълумот берди.

«2018 йилнинг 2 август куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний туманидаги «Шоббоз» ҳафталик деҳқон бозорида ўғриликда гумонланган шахснинг арқон билан қўлларидан бозор кириш дарвозаси устунига осиб қўйилган ҳолати видеоси тарқатилганлиги юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, ҳолат шу йилнинг 1 август куни соат 6.00лар атрофида фуқаро У.А. томонидан содир этилгани кўрсатилган.

Фуқаро У.А. бозор ҳудудида савдо қилувчи одамлар томонидан ўғирлик содир этганликда шубҳаланиб ушлаб турилган фуқаро Д.Н.ни қўлларини арқон билан боғлаб, бозорнинг кириш дарвозаси устунига осиб, фуқаро Д.Н.нинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини камситувчи ҳаракатлар содир этган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 229-моддаси («Ўзбошимчалик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фуқаро Д.Н.нинг ўғрилик жиноятини содир этган ёки этмаганлиги юзасидан терговда аниқлик киритилади ва бу ҳақда тергов якунига кўра қўшимча ахборот берилади», дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ, ижтимоий тармоқда «Шоббоз» бозоридаги воқеа видеоси тарқалган, интернет фойдаланувчилари ушбу «самосуд» актини қаттиқ қоралашганди.

Мавзуга оид