Light | 18:53 / 03.08.2018
12426
10 дақиқада ўқилади

Ford’дан 5 сабоқ

Ҳозирда автомобилларга эгалик қилмай, улардан умумий фойдаланиладиган келажак ҳақида гапирилмоқда. Бунда автомобилларнинг ўзи автономга айланади, авто ишлаб чиқарувчиларнинг катта улуши эса рақамли мобил хизматларга тўғри келади. Бироқ сиз Ford Motor Company бўлиб, янги технологияларга миллиардларни сармоя қилиш истиқболига юзма-юз келган бўлсангиз, бир аср мобайнида муваффақиятли саналган собиқ бизнес-моделингиз ўзгараётган бир пайтда бир неча саволларни беришни исташингиз табиий. Харидорлар бунга қандай муносабатда бўлишади? Улар аслида нимани истайдилар? Қайси имкониятлар реал ва қайсилари тасаввур натижаси эканини қандай аниқлаш мумкин?

Келажак нимага ўхшашини синаб кўриш учун, 2016 йилда Ford компанияси Chariot мобил сервисини харид қилишга 50 миллион АҚШ доллари сарфлади. Стартап Y Combinator бизнес-инкубатори дастурида иштирок этди ва мобил сервис истеъмолчиларининг ҳар куни юзага келадиган энг муҳим ва долзарб эҳтиёжлари – ишга етиб олиш ва уйга қайтиб келишга диққатни қаратди.

Бозорда ўз ўрнига эга бўлаётган Chariot ёрдамида олинган сабоқлар диққатга сазовор. Ford туфайли ўзлаштиришингиз мумкин бўлган дарслар қуйидагилардан иборат. Хусусан, улар мобил сервисларга тегишли, олдинга ҳаракатланиб, бир вақтнинг ўзида синовлар ўтказиб ва ўрганиб, янги бизнес-моделларнинг ноаниқ жиҳатларини енгишга оид маълумотларни беради.

Бу сабоқларнинг ҳар бири янги бизнес моделни яратишнинг турли жиҳатларига тегишли. Уни тўрт элементдан иборат тизим ҳисобига янги бозорлардаги ўсиш сифатида тасвирлаш мумкин: мижозлар учун қимматли таклиф, даромад олиш формулалари, асосий ресурслар ва ташкилий жараёнлар.

Фото: EPA

1. Катта орзулар қилинг, бироқ ишни кичикларидан бошланг

Chariot энг илғор технологик ҳудудлардан бири, аҳолиси ишга бориш ва уйга қайтишда мураккабликларга дуч келадиган Сан-Франциско бўғозида «микроташувлар» билан шуғулланишга қарор қилди. Бунинг учун Wi-Fi, розеткалар ва юк учун жавонга эга, 14 жойли микроавтобусларнинг кичик паркини харид қилди. Chariot иловаси ёрдамида йўловчилар мавжуд маршрутлар учун рўйхатдан ўтиш ёки янгиларини таклиф этиш (краудсорсингнинг янги моделидан фойдаланиб) мумкин эди.

Сервис муваффақиятли ишлаб кетгач, Ford ўнлаб янги маршрутларни киритиб ва парклар сонини 200 дан ортиққа етказиб, уни ривожлантира бошлади. Ford кейинги бозор сифатида Остинни танлади, у ерда 50 дан ортиқ транспорт воситалари ҳаракатлана бошлади. Ана ундан кейин сервис Сиэтл ва Колумбусда ишга тушди. Кейин эса микроавтобуслар Лондон ва Нью-Йоркнинг бир неча стратегик муҳим маршрутлари бўйлаб ҳаракатлана бошлади.

Бизнеснинг кенгайиши натижасида Chariotнинг катта мақсадлари ойдинлашди. Ford шаҳар микроташувлари учун махсус ишлаб чиқилган автомобилни тақдим этиш истагида. Бу чиқинди газлар ишлаб чиқармайдиган Transit Custom гибрид автомобили бўлади. Ҳозирда у Лондонда синовдан ўтказилмоқда, уни 2019 йилдан бошлаб оммавий ишлаб чиқариш режалаштириляпти.

2. Ижтимоий, ҳиссий ва функционал эҳтиёжларни қондиринг

Бир қарашда одамларни ишга ва уйга элтиш логистика бўлиб кўринади, бироқ у ижтимоий жиҳатдан муҳим иш. Агар одамлар Chariot микроавтобусларида бир соат ва ундан кўп вақтни ўтказишар экан, саёҳат улар учун алоҳида таассуротга айланади. Бу ерда бажарилиши керак бўлган вазифалар тушунчасини эслаб ўтиш жоиз. Мижознинг «вазифаси» уни қониқтирадиган ҳаётга интилиш, улар таркибига маҳсулот ёки хизматнинг функционал жиҳатлари чегарасидан чиқадиган бошқа чуқур эҳтиёжлар ҳам киради.

Шунинг учун Ford ўз рекламасида юзида табассум билан маршруткага ўтираётган одамларни кўрсатади. Уларнинг нигоҳи атрофдаги йўловчиларнинг нигоҳлари билан тўқнашади ва ўзаро суҳбатга киришишади. Сервисдан фойдаланувчи асосий демографик гуруҳ саналган ёшлар учун янги одамлар билан танишиш айниқса муҳим. Ҳиссий эҳтиёжларга улар кетаётган микроавтобуслар орасидаги атроф-муҳитни ифлослантиришнинг паст даражаси ҳам киради. Умумий фойдаланиш модели тирбандликлар ва шаҳардаги СО2 ажралиши даражасини камайтиради. Гибрид электромобилларга ўтиш бу эҳтиёжнинг қондирилишига ҳисса қўшади.

Фото: ТАСС

3. Қандай қилиб даромад олишни тушунинг

Синовлар натижасида Ford охир-оқибат даромадли бизнес яратиши зарур. Бунинг учун йўловчилар кўпроқ тўлашга тайёр бўлган маршрутларни ишлаб чиқиш лозим. Бу жуда муҳим жиҳат, чунки Ford автомобиллар савдоси 10 фоизни ташкил этиши билан таққослаганда мобил сервислар улуши 20 дан 30 фоизгачани ташкил этадиган келажакни мақсад қилган.

Даставвал бозор тўловнинг жуда эгилувчан вариантларини талаб этганди: сервисдан фойдаланиш факти бўйича, бир неча саёҳат учун чипта савдоси, 119 доллар эвазига бир ойлик йўл чиптаси (бу ҳолатда ҳар бир фойдаланиш нархи 4 долларгача камаяр эди). Тонгда ва тирбандликлар вақтида фойдаланганлик учун арзонроқ таклифлар ҳам бор.

Даромад олиш имконияти чиқимга жуда боғлиқ, бу эса одамларни иш жойига етказишда логистик муаммога дуч келган Ford компанияси учун долзарб масалага айланди. Chariot’нинг кўплаб мижозлари ишлайдиган маъмурий мажмуалар катта майдонни эгаллайди ҳамда ҳар бир мижозни етказиш сервиснинг ҳам, бошқа мижозларнинг ҳам кўп вақтини олади.

Chariot мижозлари ишлайдиган компаниялар ёрдамга келди, дея тушунтириш берди Ford Mobility раҳбари Марси Клеворн ОАВ вакиллари билан яқинда бўлиб ўтган телеконференцияда. Компанияларнинг аризаларига кўра, бошқа автобусга ўтириб олиш пунктлари ўрнатилади, бу ерда йўловчилар муайян маъмурий мажмуа бўйлаб кетаётган автобусга ўтириб олишлари мумкин.

4. Янги қоида, норма ва метрикаларни ўрнатинг

Ўзининг енгил ва юк автомобилларини ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича бизнесида Ford анча олдин ўрнатилган қоида, норма ва метрикаларга қараб иш тутади. Автомобиль чизмаларни чизишдан автомобилнинг бозорга чиқиш жараёнигача бир неча йилга тенг бўлиши сабаб Ford инвестициялари рентабеллиги формулалари тарихий воқеаларга мувофиқ ишлаб чиқилади.

Barclay’s ижрочи директори Ашок Васванининг айтишича, «она кемага қароқчилар кемасини йўқ қилишни берманглар».Агар Ford янги логистик бизнесда ўша ҳисоб-китобларни қўлласа, уни муваффақиятга олиб бормай, «ўлдириб қўйиши» аниқ. Ford янги вазифаларни ҳал этиш учун янги нормаларни ишлаб чиқиши лозим.

Масалан, Chariot сервиси Сан-Францискодаги кўча ҳаракатлари қоидалари унга маршрутларни бошқаришига халақит бериши ва кесишиш йўлларида тўхташ имконини бермаслиги муаммосига дуч келди. Натижада компания баъзи автобус тўхташ жойларини тротуарнинг бўёқ билан белгиланган махсус қисмига ўтказишга мажбур бўлди. Бошқа муниципалитетлар билан ўзаро муносабатларни яхшилаш учун Ford GPS ва йўловчилар оқимига оид маълумотларни уларга ҳам тақдим этишни бошлади. Бу вазифалар автомобиль заводида конвейерларни ўрнатишга умуман ўхшамайди.

Фото: Getty Images

5. Янги бизнес-моделлар портфелини шакллантиринг

Ҳар қандай янги корхона ёки бизнес-моделда таваккалчилик мавжуд. Ford кичик нарсадан бошлаб, синаб, ўрганиб ва жараён давомида ўзгариб таваккалчилик даражасини пасайтирганига қарамай, Chariot ўсиш учун янги муҳитдаги ягона бизнес-модель эмас. Масалан, Мичиган компанияси Dearborn тўрт гуруҳга ажратиш мумкин бўлган жамоалар ёрдамида стартапларнинг ялпи портфелини шакллантирди.

Ford X янги бизнес-ғояларни излаш ва ишлаб чиқиш, автомобиллар, объект ва шаҳар инфратузилмалари ўртасидаги алоқа учун мўлжалланган транспорт мобиллик тизимини бошқариш билан шуғулланади. Йил охирига келиб бу хизматлардан Ford’дан бошқа компаниялар ҳам фойдаланиши кутилмоқда.

Mobility Business Group’га янги бизнес-моделларни кенгайтириш топширилган. Уларга Chariot ва автомобиль ҳамда велосипедлардан умумий фойдаланишнинг бошқа сервислари, юк ва маҳсулотларни етказиб бериш, шунингдек мижозларни шошилмасдан етказиш хизматлари киради.

Mobility Platforms and Products Ford компаниясининг келажакдаги мобил сервислари учун асқотадиган технологияларни лойиҳалаштиради ва ишлаб чиқаради.

Mobility Marketing and Growth компаниянинг мобил сервисларини олға суради ва сотади.

«Иккиталик транформация» дея номланган стратегик ташаббус доирасида юқорида саналган барча сервислар «В Трансформацияси»нинг бир қисми, Ford’нинг янги бизнес-моделлар асосидаги ўсишининг янги йўналишлари саналади.

Бироқ компаниянинг асосий бизнеси бозордаги ўзгаришларга мослашиши ҳам муҳим. «А Трансформацияси»тўлиқ ишламоқда. FordFiesta, Focus, Fusion ваTaurus моделларини АҚШ ҳудудида ишлаб чиқаришни рад этмоқда. 2020 йилга келиб, Ford’нинг Шимолий Америкадаги маҳсулотлари линейкасининг деярли 90 фоизи юк машиналари, кроссовер ва тижорат ташувлар учун мўлжалланган автомобиллардан иборат бўлади.

Келажак бир неча йил аввал кутилганига нисбатан тез келмоқда. Истеъмолчиларда кичик синовлар ўтказиб ҳамда синов лойиҳаларини бозорда тасаввур қилиш орқали Ford инвестициялари миллиард долларлик чегарани босиб ўтгунига қадар янги имкониятларнинг афзалликларидан фойдаланиши мумкин.

Муаллиф ҳақида. Марк Жонсон — Innosight консалтинг компаниясининг асосчиларидан бири ва ҳамкори ҳамда «Reinvent Your Business Model: Seizingthe White Spacefor Transformative Growth» китобининг муаллифи

Мавзуга оид