Жамият | 18:49 / 04.08.2018
9333
2 дақиқада ўқилади

Хайрия натижаси: Умринисо Ҳиндистондан дардидан фориғ бўлиб қайтди

KUN.UZ сайтида ўтказилган хайрия акцияси натижасида жажжигина ватандошимиз Умринисо ота-онаси билан Ҳиндистондан қайтди. У 2 бора ўтказилган хайрия акцияси натижасида туғма юрак порогининг оғир туридан фориғ бўлиш учун жарроҳлик амалиётини ўтказиш мақсадида Ҳиндистонга кетган эди. Албатта, шифокорлар Умринисо тўлиқ дарддан фориғ бўлмагани, унинг қон томирида торайган қисми бўлиб, кейинчалик томирни кенгайтириш амалиётини ўтказиш зарурлигини таъкидлашган. 

Ҳиндистондан юрагидаги нуқсонларидан фориғ бўлиб қайтган Умринисо ота-онаси KUN.UZ таҳририятига келди. Қизалоқнинг отаси Баҳром аканинг айтишича, унинг қизи шифо топишида озми-кўпми ёрдам кўрсатган барча ватандошлардан миннатдор. У рафиқаси билан фарзандларини ушбу ватанга хизмат қиладиган шахслар сифатида тарбиялашга аҳд қилганларини билдирар экан, ўзбек халқи ўзаро ёрдам беришга шошиладиган, саховатпеша халқ эканига ишонч ҳосил қилганини билдирди. 

Аввал хабар берилганидек, Умринисо туғма юрак порогининг кам учрайдиган хилидан азият чекиб, 3рагида 3та тешик бўлган, вена ва артериал қон томирлари ўрни ҳам алмашиб қолган.

Таькидлаш ўринлики, хайрия натижасида тўпланган суммадан 15 млн сўм ортиб қолганлиги боис, уни Қашқадарё вилояти, Толимаржон шаҳарчасида истиқомат қилувчи, юрак порогидан азият чекаётган Исроилжон ҳисобига ўтказилди.

 

Шу ўринда, KUN.UZ таҳририяти ҳам ўз чақириғига “лаббай” деб жавоб берган барча ватандошларга миннатдорчилик изҳор қилади ҳамда миллатни жипслаштирадиган бу каби ишларда янада фаол бўлишга чақиради. Аллоҳ барчамизнинг қилаётган хайрли ишларимизда Ўзи мададкор бўлсин ва давомли қилсин, савобларини кўпайтириб берсин!

Толиб Раҳматов тайёрлади

Мавзуга оид