18:13 / 17.09.2018
14635

Хайрия натижаси: Шаҳноза Ҳиндистондан қайтди

Азиз ва саховатпеша, эҳсонсевар юртдошлар сиз-у биз биргаликда яна бир ютуққа эришиб турибмиз. Гап шундаки, 15 сентябрь куни барчамизнинг умумий саъй-ҳаракатимиз самараси ўлароқ, Ҳиндистонга даволанишга борган синглимиз Шаҳноза ватанга қайтди. Kun.Uz сайёр гуруҳи уни кутиб олиш учун И.Каримов номидаги халқаро аэропортга борди. 

Бир неча ой фақат тек ётиш билан муолажа қилинган Шаҳноза Ҳиндистондан кайфияти жуда кўтаринки бўлиб қайтганига гувоҳ бўлдик. Шаҳноза ватанни соғинганини айтар экан, унга даволаниб олиши учун меҳр мурувват, хайр-эҳсон, саховат қўлларини чўзган, дуоларида эслаган барча ватандошларига сидқидилдан миннатдорлик изҳор қилди. Уларнинг ҳақларига тинимсиз дуои хайрда эканини таъкидлади. 

“Умидсизликка ҳеч қачон тушиш керак эмас экан. Мен оёққа тура оламан, деб ўйламагандим. Лекин Аллоҳнинг мўъжизаси, мана, ҳозирча корсет билан бўлса-да, ҳаракатланишим мумкин. Яна 6 ойдан сўнг, яна бир марта Ҳиндистонга бориб кўрикдан ўтишим керак бўлади. Ҳаммаси кўнгилдагидек ўтса, бир йилдан кейин, корсетсиз ҳам юра оламан”, - дейди Шаҳноза. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойи охирида Kun.Uz сайти “Суяк силидан азият чекаётган Шаҳноза моддий ёрдамга муҳтож” сарлавҳали хайрия акциясини ўтказган эди. Унда ҳамюртимиз Шаҳноза Тоирова суяк силига чалингани, Ҳиндистонга 2 марта бориб, умуртқасига имплант қўйдиргани, танаси имплантни қабул қилмагани сабабли чиқариб ташлангани, зудлик билан учинчи маротаба Ҳиндистонга бориши зарурлиги, даволаш ва кўрикдан ўтиши кераклиги айтилганди. 

Узоқ ва яқиндаги саховатпеша ватандошларимизнинг Шаҳнозага ёрдам қўлларини чўзиши натижасида керакли маблағ йиғилди ва Шаҳноза 19 август куни яхши ният билан Аллоҳдан шифо умидида Ҳиндистонга отланган, сайт ходимлари уни халқаро аэропортда кузатиб ҳам қўйган эди. 

Ушбу хайрияда иштирок этган, дуои хайрлар қилган барча-барчага Аллоҳ икки дунё саодатини насиб этсин! Икки дунё ғам-андуҳ кўрмасинлар! Аллоҳ қилган савобли амалларининг ажрини ниятларига яраша кўпайтириб берсин!

Толиб Раҳматов тайёрлади

Мавзу
Хайрия акцияси
KUN.UZ сайти ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш нияти билан қатор хайрия акцияларини ташкил этиб келмоқда.
Барчаси
Top