Ўзбекистон | 00:19 / 04.08.2018
12866
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев темирйўл ходимларини касб байрами билан табриклади

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ишчи ва ходимларини Темирйўлчилар куни байрами билан табриклади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

“Ўз касбига садоқатли ва фидойи сизлар каби  минглаб юртдошларимизнинг сидқидилдан қилаётган меҳнати, билим ва тажрибаси туфайли темир йўл тармоғи ходимлари эл-юртимиз ўртасида ҳақли равишда обрў-эътибор ва эҳтиромга сазовор бўлиб келмоқда”, - дейилади табрикда.

Табрикда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг кўп миллатли жамоаси темир йўл транспорт коммуникацияларини ривожлантириш, такомиллаштириш ва реконструкция қилиш, темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишларни амалга ошираётганлиги эътироф этилади.

“Сизларнинг фидокорона меҳнат қилиб, узоғимизни яқин қиладиган равон йўллар, Тошкент шаҳрида ва юртимизнинг бошқа ҳудудларида ўнлаб замонавий кўприклар қуриб, Ватанимиз ободлигига муносиб ҳисса қўшаётганингиз алоҳида таҳсинга сазовор”, - дейилади табрикда.

Табрикда қайд этилишича, «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ташкил этилган кундан буён юк ташиш ҳажми 2,1 марта, йўловчи ташиш ҳажми 2 баробар кўпайган, темир йўллар орқали 1,5 миллиард тонна юк ташилиб, 370 миллион нафар йўловчи ўз манзилига етказилган.

Ҳозирги вақтда республика бўйича юкларнинг 60 фоиздан зиёди, йўловчиларнинг эса 75 фоиздан ортиғи темир йўл транспорти орқали манзилларига етказилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган 16 та янги темир йўл вокзали қурилди, 10 та вокзал қайта қурилди ва деярли барча станциялар халқаро сифат стандартлари талаблари даражасидаги юқори технологиялар билан жиҳозланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид