Жаҳон | 10:30 / 05.08.2018
8738
2 дақиқада ўқилади

Мадуро унинг ҳаётига суиқасд қилганлар энг юқори жазо олишларига ваъда берди

Фото: AP

Венесуэла президенти Николас Мадуро унинг ҳаётига суиқасд қилганлар энг юқори жазо олишларига ваъда берди.

"Адолат ва энг юқори жазо! Улар кечирилмайди. Бунга халқимиз келажаги, ватан келажаги билан қасам ичаман", — деди Мадуро халққа телемурожаатида.

Мадуро халққа мурожаатида суиқасдда ўнг мухолифатни ҳамда Колумбиядаги мухолифатчилар ва қўшни давлат президенти Хуан Мануэл Сантосни айблади. У шунингдек, суиқасднинг айрим ташкилотчилари АҚШнинг Флорида штатида яшашларини билдирди ва Дональд Трампдан бу "террорчи гуруҳларга" қарши курашда ёрдам сўради.

Колумбия ҳукумати Венесуэла президентининг айбловларини рад этди ва бу айбловларни бемаънилик деб атади.

"ТИВ Колумбия ҳукумати номидан Венесуэла президенти Николас Мадуро томонидан мамлакат президенти Хуан Мануэл Сантосга нисбатан билдирилган айбловларни кескин рад этади. Венесуэла президентига қилинган эҳтимолий ҳужум учун Колумбия раҳбари жавобгар эканлиги ҳақидаги айбловлар бемаънилик ҳисобланади ва ҳеч қандай асосга эга эмас", - дейилади Колумбия ТИВнинг Twitter’даги хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Венесуэла президенти Николас Мадурога уюштирилган суиқасдда етти киши жароҳатланди. Давлат раҳбарига суиқасд портловчи модда ўрнатилган учувчисиз қурилмаларда амалга оширилган. Мадуро миллий боливар гвардияси ташкил этилганлигининг 81 йиллиги муносабати билан ўтказилаётган маросимда сўзга чиққан пайтда қурилмалар ҳаракатга келтирилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид