Жамият | 18:00 / 05.08.2018
74686
3 дақиқада ўқилади

Оққўрғонлик «маньяк» ўз жиноятларини қўшниларидан қасос олиши билан изоҳлади

Тошкент вилоятининг Оққўрғон тумани, Хонобод маҳалласида 3 болани ўлдирган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Зоҳид Отабоев ўз жиноятларини қўшниларидан ўч олгани билан изоҳлади. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг Facebook’даги саҳифасида маълум қилинди.

Мудҳиш жиноят тафсилотлари 4 август куни «Ўзбекистон 24» телеканалида ҳам намойиш этилди.

2010 йили 23 ёшда бўлган Зоҳид Отабоев ҳамқишлоқлари билан маҳаллий тўқимачилик фабрикасида ишлаётганда қўшнилари Аббос Отамирзаев, Шодиёр Алибоев ва Зуфар Азимбоевнинг у қачон уйланиши ҳақидаги ҳазил аралаш саволларини эркаклик ғурурининг топталиши сифатида қабул қилганди. У шундан сўнг бунинг учун ўз жабрдийдаларидан ўч олиш режасини тузади ва қўшниларининг фарзандларини ўлдиришга қарор қилади.

Унинг биринчи қурбони Аббос Отамирзаевнинг 7 ёшли ўғли бўлди. 2010 йилнинг 12 июнида Зоҳид кўчада ўйнаб юрган Шаҳбозни алдаб, уйига олиб киради ва мушти билан бошига бир неча бор қаттиқ зарба бериб йиқитади. Сўнг болани бўғиб, ҳожатхонага ташлаб юборади ва устидан тупроқ билан кўмиб юборади.

2014 йил 10 августида эса у Шодиёр Алибоевнинг 9 ёшли соқов ўғли Ёрқинбекни велосипедда кўчасидан ўтаётганида, алдов йўли билан уйига олиб киради. У бу болани ҳам уриб ўлдириб, янги ўрага кўмиб ташлайди, велосипедни эса дарёга ташлаб юборади.

Орадан 3 йил ўтиб, 2017 йилда Зоҳид Отабоев уйланади, бироқ у «қасд олиш»да давом этади. Ўша йили ноябрь ойида унинг томорқасига тасодифан Зуфар Алимбоевнинг 3 яшар ўғли Ойбек кириб қолади. Отабоев болани кетмон билан уриб жароҳатлайди ва омборга олиб ўтиб, бўғиб ўлдиради. Болани излаб келган Ойбекнинг онасига ҳеч кимни кўрмаганини айтади ва уни қайтариб юборгач, жасадни чуқурга ташлайди.

Орадан уч кун ўтиб жиноятчи Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид