Жаҳон | 19:55 / 05.08.2018
4015
1 дақиқада ўқилади

Португалияда жазирама оқибатида 20дан ортиқ ёнғин юзага келди

Фото: AP

Айни дамларда Португалияда 20дан ортиқ ёнғин содир бўлмоқда, улардан бор-йўғи бештаси ўчирилиш босқичида, деб хабар берди мамлакат фуқаролик ҳимояси.

Маълумотларга кўра, ёнғинни ўчиришда 1300дан ортиқ ўт ўчирувчилар, 14 вертолёт ва самолёт, ерусти техникаси иштирок этмоқда. Моншики муниципалитетидаги ёнғинни ўчиришга 800га яқин ўт ўчирувчи, ўнга яқин самолёт ва вертолётлар жалб этилган.

Ёнғинлар оқибатида олти киши жабрланган бўлиб, улардан иккитасининг аҳволи оғир деб баҳоланмоқда.

Якшанба куни Португалиянинг бир нечта ҳудудида ҳарорат 45 даражага етади, Алвеге шаҳрида эса 46,8 даража иссиқ қайд этилган. Мутлақ рекорд эса 2003 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда Амарележа қишлоғида ҳарорат 47,3 даражани ташкил этган.

Шанба куни Лиссабонда 44 даража иссиқ қайд этилди, бу 1981 йилги рекорд ҳароратдан бир даражага юқори.

Иберия яриморолига "жазирама тўлқини" Африкадан келган бўлиб, метеорологларнинг айтишларича, душанбадан ҳарорат пасая бошлайди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид