Ўзбекистон | 12:10 / 05.08.2018
34953
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда тест синовлари қандай ўтмоқда? — фото

Самарқандда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовларининг барчаси Рўдакий ва Даҳбет кўчалари кесишмасида, бир-бирига яқин жойлашган 5 та бинода бўлиб ўтмоқда.

Cамарқанд педагогика ва сервис касб-ҳунар коллежи, Гимнастика ва спорт турлари бўйича Самарқанд болалар ва ўсмирлар махсус спорт мактаби, Самарқанд давлат чет тиллар институти қошидаги академик лицей спорт мажмуасида абитуриентлар учун барча шароит ҳозирланган. Жумладан, хоналардаги ҳароратнинг салқин бўлиши кучли кондиционерлар билан бир маромда ушлаб турилибди.

Рўдакий кўчасида тест синовлари ўтадиган вақтда автомобиллар қатнови чекланган, фақат трамвай қатнаб турибди.

Тест имтиҳонларига киришда абитуриентлар ҳуқуқ-тартибот органлариларининг синчков назоратидан ўтишади. Металлодетекторлар воситасида имтиҳон ўтадиган ҳудудга алоқа воситалари олиб кирилишининг олди олинмоқда.

Юзни таниш технологиясидан фойдаланиб, абитуриентларнинг ўрнига бошқа шахслар кирмаслиги назорат остига олинган.

Абитуриентлар томонидан тест синовлари вақтида ўрнатилган қоидаларни бузмаслиги гуруҳ назоратчилари томонидан синчковлик билан кузатиб борилмоқда.

Ота-оналар учун СамМИ клиникаси ҳудудидаги боғдан дам олиш жойи ҳозирланган. Уларга салқин ичимликлар, егулик билан бирга 2 та LED экран орқали тест синовлари қандай ўтаётганини жонли эфирда кузатиш имконияти яратиб берилган.

Ота-оналар фарзандим ўқишга кирсин деб дуо қилиб ўтиришибди.

- Қизим СамДУнинг бошланғич таълим йўналиши бўйича тест имтиҳонларини топширмоқда. Бу йил текшириш қаттиқ бўляпти. Билими бор, яхши тайёрланган абитуриент, албатта, ўқишга киради. Жумладан, менинг қизим ҳам учинчи йил тайёргарлик кўриб, ўқишга топширди. Бу йил, албатта, ўқишга киришига ишониб ўтирибман, - деди Нурободдан келган онахон.

Биз тест синовларини топшириб чиқаётган айрим абитуриентларни суҳбатга тортдик. Улар тест синовларига кириш чоғида текшириш бўлгани, ичкарида ҳеч ким уяли алоқа воситаларини олиб киролмаганини айтиб ўтишди.

Ш.Шокиржонов ва Б.Мустанов суратлари.

Мавзуга оид