Жаҳон | 10:59 / 06.08.2018
5292
3 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик қандай шаклларда амалга оширилади?

Фото: Pixabay

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Сув хўжалиги соҳасида давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги лойиҳа эълон қилинди.

Низомга кўра, давлат-хусусий шериклик қуйидаги принципларга асосланади:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва қулайлиги, бундан давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил қилган маълумотлар мустасно;
    
камситишнинг йўқлиги, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;
    
томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;
    
хавф-хатарлар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;
    
давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг шартномада келишиб олинган асоси.
   
Давлат-хусусий шериклик қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сув хўжалиги объектларининг ер майдонларида бепул сув етказиб бериш шарти билан ер участкаларини тақдим этиш;
    
балиқ етиштирувчи субъектларга суғориш тармоқлари (каналлар)ни бепул фойдаланиш учун сув майдонлари ажратиб бериш;
    
сув хўжалиги объектларини қуришда лойиҳалаштириш ва пудрат ишларида иштирок этиш;
    
сув омборларида туристик фаолиятини ташкил этиш;
    
Давлат-хусусий шериклик танлов асосида амалга оширилади.
    
Давлат-хусусий шериклик амалга ошириш тақдим этиладиган сув хўжалиги объектлари рўйхати вазирлик томонидан тасдиқланади.
    
Таркибига Вазирлик, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Давергеодезкадастр” қўмитаси ва Савдо-саноат палатаси вакиллари кирадиган Танлов комиссиясига камида икки иштирокчидан ариза келиб тушса, танловни ўтказади.

Комиссия тоқ сонли аъзолардан ва камида етти кишидан иборат бўлиши керак. Сув хўжалиги вазири Комиссия раиси ҳисобланади.

Агар Комиссиясининг мажлисида унинг аъзолари умумий сонининг камида етмиш беш фоизи иштирок этса, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади, бунда танлов комиссиясининг ҳар бир аъзоси бир овозга эга.
    
Комиссия ишининг регламенти Комиссия раиси томонидан тасдиқланади.
   
Комиссия томонидан хусусий шерикнинг аризаси кўриб чиқилиши учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган битта энг кам иш ҳақи миқдорида давлат шеригининг махсус ҳисоб варағига ўтказиб бериладиган йиғим ундирилади.

Давлат-хусусий шериклик лойиҳасини давлат шериги ёки хусусий шерик томонидан таклиф этилиши сув хўжалиги тизимида битим учун асос ҳисобланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид