Жамият | 20:01 / 10.08.2018
8504
3 дақиқада ўқилади

Дарахтлар кесилаётгани ҳақидаги хабарларга аниқлик киритилди - ИИББ

Шу йилнинг 8 ва 9 август кунлари Тошкент ИИББ 102 телефон рақамига 4 нафар фуқародан қўнғироқ бўлиб, жойларда кесилаётган дарахтларнинг қонунийлигини текшириш сўралган, деб хабар бермоқда пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Мазкур мурожаатлар асосида ходимлар вазиятни жойида ўргандилар ва 3 ҳолатда ободонлаштириш бошқармаси вакиллари томонидан тегишли ҳужжатлар – рухсатномалар тақдим этилган.

Жумладан, Чилонзор тумани 9-уй олдида қуриб қолган дарахт олиб ташланган бўлиб, у анчадан бери хавф туғдираётган бўлган. Зеро, исталган вақтда синиб тушиши мумкин бўлган ушбу дарахт танаси ён-атрофдаги автомобиль, электр симлари ва ҳатто инсонлар ҳаётига зомин бўлиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам уни кесиб ташлашга қарор қилинган.

Бунёдкор кўчасидаги айрим дарахт шохлари эса тартибсиз ўсиб, йўл белгиларини тўсиб қўйгани учун дарахтларга зиён етказмаган ҳолда унинг шохларига шакл берилиб, тартибга келтирилган.

Юнусобод тумани 11-даҳада яшовчи фуқаро эса 36 ва 39-уй ўртасидаги майдонда номаълум шахслар дарахтларни кесаётгани ҳақида хабар берган эди. Текширув жараёнида бу ерда олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ҳам табиат ва экологияга зарар етказмаётгани аксинча аҳоли хавфсизлиги мақсадида қуриган дарахт шохлари кесилгани маълум бўлган.

Ушбу тумандаги яна бир мурожаатчининг хабарига кўра, Боғишамол кўчасидаги ҳолат ҳам текширилди. Маълум бўлишича, дарахт кесилаётгандек бўлиб туюлган арранинг овози аслида кўп қаватли уйларнинг йўлаклари олдида олиб борилаётган таъмирлаш ишларидан тарқалаётган бўлган. Қурувчиларнинг сўзларига кўра, бу ерда ҳеч ким дарахтларни кесиш билан шуғулланмаган. Шунга кўра ушбу тезкор хабар ўзининг тасдиғини топмаган.

“Тошкент шаҳар ИИББ дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ ҳолатлар бўйича 102 телефон рақами, Табиатни муҳофаза қилиш ва экология давлат қўмитасининг 277-75-43 ишонч телефони ва Бионазорат инспекциясининг 268-36-86 телефон рақамига қўнғироқ қилиш мумкинлигини эслатиб ўтади”, - дейилади хабарда.

Мавзуга оид