Жаҳон | 20:30 / 10.08.2018
14483
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Туркия иқтисодий урушда мағлуб бўлмаслигини айтди

Фото: Haber Günce

Туркия миллий валюта курсининг  долларга нисбатан рекорд даражада пасайиши ортидаги иқтисодий урушда мағлуб бўлмайди, деди Туркия президенти Ражаб Таййип Эрдўған. Бу ҳақда NTV телеканали хабар бермоқда.

У фуқароларни "ёстиқлари остидаги" долларларни лирага алмаштиришга чақирди. "Доллар бизнинг йўлимизни тўса олмайди", — деб қўшиб қўйди Туркия етакчиси.

"Биз Эрон, Россия, Хитой ва Европанинг бир неча давлатлари билан турли йўналишларда сезиларли силжишга эришдик",- қайд этди Эрдўған.

АҚШ молия вазирлиги америкалик пастор Эндрю Брансон иши сабабли Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гюл ва ички ишлар вазири Сулаймон Сойлуга нисбатан санкциялар жорий этганидан сўнг лиранинг долларга нисбатан курси пасая бошлади.  

Брансон 2016 йилдан буён Туркияда ҳибсда сақланмоқда, у ҳозирда АҚШда яшовчи Фатҳуллоҳ Гулен билан алоқада бўлганликда айбланмоқда.

Financial Times газетаси Европа марказий банки Туркиядаги молиявий инқироз минтақадаги банкларга хатар солиши мумкинлигидан хавотирда эканлигини ёзганидан сўнг лиранинг қиймати жадал суръатларда пасая бошлади.

Мавзуга оид