Ўзбекистон | 11:10 / 11.08.2018
29895
2 дақиқада ўқилади

Андижонда бирданига иккита институтга кирмоқчи бўлган «абитуриент» қўлга тушди

Бу йил Андижондаги тўртта олий таълим муассасасига 47 минг 760 нафар абитуриент ҳужжат топширган. 1 август санасидан Андижон олимпия захиралари мактаб-интернати манежида тест синовлари жараёни бошланди.

Тест синовлари 12 кун давомида икки сменада ташкил этилиб, бир сменада 2 минг 40 нафардан абитуриент иштирок этиши кўзда тутилган. 

10 август куни Андижон машинасозлик институтининг «Ер усти транспорт тизимлари» йўналишига тест синовлари ўтказилди.

Тест жараёнига жами 3973 нафар абитуриент қатнашиши керак бўлса, шундан 123 нафари сабабсиз келмаган 15 нафари аниқ сабабларга кўра тест синовларидан четлатилган. Тест синовларида 3835 нафар абитуриент иштирок этган.

Бугунги бўлиб ўтган жараёнда ҳам абитуриентлар томонидан тақиқланган адабиёт, «шпаргалка» ва техник воситаларни аудиторияга олиб киришга уриниш ҳолатлари кузатилди.

Кун давомида турли айёрликлардан фойдаланмоқчи бўлган яна бир «зукко абитуриент»нинг «ижодкор»лиги фош бўлди. Избоскан туманида яшовчи  Ю.Э бирданига икки олийгоҳнинг тест синовларидан ўтишга ҳаракат қилган.

«У кеча, 9 август куни Тошкент Аграр институтига тест синовлари топширгач, 10 август куни юз қиёфаси ўзига ўхшаш бўлган Бўз туманидан бўлган А.А ўрнига Андижон машинасозлик институти имтиҳонига киришга уринган», дея «Kun.uz»га хабар беради Андижон вилоят ИИБ матбуот хизмати.  

Андижон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари 1- назорат постидан ўтиш пайтида шубҳали ҳаракатларини кузатиб, жиддий текширувдан ўтказганларида абитуриентнинг сири фош бўлган. Таниши институтга кириши учун билими билан «кўмак» бермоқчи бўлган «зукко абитуриент» энди ўз қилмишига терговга қадар текширув ҳаракатларида жавоб бермоқда.

Мавзуга оид