19:37 / 12.08.2018
45624

Ашхобод Туркманистоннинг миллион аҳолига эга илк шаҳрига айланди

Фото: azernews.az

Туркманистон пойтахти аҳолиси миллион кишидан ошди. Бу ҳақда видеоалоқалар бўйича ҳукумат йиғилишида Ашхобод шаҳри ҳокими Шомуҳаммет Дурдилиев айтиб ўтган, деб хабар беради Анадўлу агентлиги.

Шу муносабат билан ҳоким Ашхобод шаҳрининг ҳудудий чегараларини кенгайтириш таклифини илгари сурган.

Президент Гурбангули Бердимуҳаммедов пойтахтнинг маъмурий-ҳудудий чегараларини кенгайтириш бўйича таклифни Мажлисга кўриб чиқиш учун йўналтирган.

Кейинроқ «Нейтральный Туркменистан» газетасида мамлакат парламенти — Мажлиснинг Ашхобод шаҳрининг маъмурий ҳудудлари бўлмиш этраплар (туманлар)и билан боғлиқ масалага оид қарори эълон қилинган.

Айни пайтида шаҳарда олтита этрап (туман) бор. Уларнинг сўнгги иккитаси — Ободон ва Руҳобод этраплари шаҳар таркибига 2013 йилда қўшилган. Шаҳарнинг янги маъмурий бирликлари Ахал вилояти ҳудуди ҳисобига шакллантирилган эди.

Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакат аҳолиси 6,2 миллион кишини ташкил этади.

Ашхобод — Марказий Осиёнинг аҳолиси миллиондан ошган бешинчи шаҳри бўлди. Унгача Марказий Осиёнинг аҳолиси миллион кишидан ошган энг йирик шаҳарлари — Тошкент (2,465 млн.), Олма-ота (1,806 млн), Остона (1,036 млн), Чимкент (1,005 млн.) ҳисоблаб келинмоқда эди. Яқин кунларда Қирғизистон пойтахти Бишкек ҳам ушбу рўйхатдан ўрин олиши мумкин. Бу шаҳар аҳолиси 995 минг кишини ташкил этмоқда. Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри аҳолиси 820 минг кишини ташкил этади.

Top