Жамият | 17:21 / 12.08.2018
143048
2 дақиқада ўқилади

Imzo Garden маскани​да янграган номуносиб ҳазиллари учун Dizayn жамоаси лицензиядан айрилди

Фото: RizaNova

Dizayn жамоаси билан тузилган лицензия битимларининг талаблари ва шартларини қўпол равишда бузилганлиги учун гуруҳ лицензияси 2018 йил 11 август кунидан бекор қилинади. Бу ҳақда «Ўзбекконцерт» давлат муассиси хабар бермоқда. 

Хабарда таъкидланишича, гуруҳ «миллий урф-одатларимиз ва одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатлар орқали қизиқчилик санъатини беобрў этиб, санъаткор одобига риоя этмаган».

Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида жойлашган Imzo Garden масканига таклиф этилган Dizayn жамоаси аъзолари дам олиш масканида одоб-ахлоқ қоидаларига тўғри келмайдиган, беўхшов ҳазилларни ижро этган. Akfa group ходимлари учун ташкил этилган кооператив тадбирда янграган номуносиб ҳазилларнинг видео ва аудио лавҳалари ижтимоий тармоқларда тарқаб кетгач, жамоа фаолиятига жиддий эътибор билан баҳо берилди. 

Шундан жамоа аъзолари Дилшод Мусабеков ва Саъдулла Фатҳуллаев видео мурожаат орқали барчадан узр сўради. Улар ҳазилларда ички ишлар ходимлари, аёл ва қизларга нисбатан ҳурматсизлик қилинганини тан олиб, барча фуқаролардан кечирим сўраган.  

 «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 23-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги 354-сон Қарорининг 1-иловаси билан тасдиқланган Низомнинг 37-бандига асосан жамоага берилган AY-0035 cон лицензия бекор қилинмоқда. ​

Мавзуга оид