Ўзбекистон | 00:17 / 12.08.2018
205287
8 дақиқада ўқилади

Қўриқчими ёки қотил: Машъум ҳодиса такрорланмаслиги учун нималар қилиш керак?

2018 йил 8 августда Юнусобод туманидаги тунги клубда содир этилган қотиллик тафсилотлари ОАВда тарқалди. Жамоатчилик воқеага турли муносабат билдирди: ҳар ким воқеа сабабларини ўз фикридан келиб чиққан ҳолда таҳлил қилиб, кимдир тунги клубларни ёпишни, яна кимдир спортчиларнинг руҳий тарбияси билан чуқурроқ шуғулланишни таклиф қилди.

Аслида бу каби қотилликлар барча мамлакатларда ҳам содир бўлиб туради, бир қарашда кишиларнинг ўзаро жанжаллашуви оқибатида содир бўладиган ҳолатлар ажабланарли эмас.

Лекин, айни вазиятда ушбу қотилликнинг олдини олиш, содир бўлмаслигини таъминлаш мумкин эди. Ёки бу каби ҳодиса тунги клуб эмас, бошқа умумий овқатланиш жойида ҳам содир бўлиши мумкин. Хусусий қўриқлаш фаолиятига қўйилган тақиқларни қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш орқали бу каби воқеаларнинг олдини олишга эришиш мумкин.

Келинг, содир этилган қотиллик жараёнида қўриқчиларнинг малакаси ва касбий маҳорати, руҳий тайёргарлиги ва ўзини тутишига ОАВда эълон қилинган тафсилотлардан келиб чиқиб тўхталиб ўтайлик.

Совуқ қурол билан ишлатилган зўрлик, бир неча қўриқчиларнинг ҳужумга номутаносиб тарзда ўтиши ҳамда зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб (видеода марҳумнинг хатти-ҳаракатларидан келиб чиқиб тахмин қилинди) ошхона пичоғи билан жароҳат етказиши оқибатида дастлабки хулосаларга кўра, қасддан одам ўлдириш, дея малакаланаётган хавфли қилмиш содир этилди.

Албатта, тергов жараёни ва судда ушбу ҳолат ҳар томонлама ўрганилади ва ҳуқуқий баҳо берилади. Бизнинг фикримиз воқеага ҳуқуқий баҳо бериш эмас, сабабларини таҳлил қилишдир.

Бу ерда қўриқчиларнинг хатти-ҳаракатлари, айнан бундай қалтис вазиятларда ўзини тута олмай шафқатсизларча ҳаракат қилиши (бейсбол таёғи ва пичоқ билан зарбалар бериш, ожиз аҳволда ётган шахсни аёвсиз калтаклаш), ҳужум қилаётган шахсни зарарсизлантириш ва дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш чораларини кўрмаганликлари қўриқчиларнинг етарли профессионал таълим олмаганликлари, тайёргарликдан ўтмаганликлари ва улар фаолиятининг тизимли бошқаруви йўқлигини кўрсатади.

Бошқача бўлишини кутиш ҳам тўғри бўлмайди. Чунки, кўнгилочар масканларда хусусий қўриқчилар ушбу маскан бошлиғи томонидан ўзаро келишув асосида ёлланади. Қўриқчи ўша масканга ташриф буюрувчилар ва бошқа шахслар ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва бошқа объектларни қўриқлаш учун масъул бўлгани ҳолда бу бўйича ҳеч қандай йўриқнома, тушунтириш олмайди. Қўриқлаш жараёнида вужудга келадиган ҳолат бўйича қандай ҳаракат қилиш кераклиги, ҳуқуқ ва мажбуриятлари чегараси, хавфни бартараф этишнинг қонуний ва оптимал хавфсиз йўллари бўйича уларга талаблар қўйилмаган.

Кўнгилочар масканлар ҳар куни меҳмонлар билан гавжум. Шаҳар аҳолисининг кўпайиши билан ташриф буюрувчилар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Лекин, ташриф буюрувчилар ва атрофдаги шахслар, уларнинг мол-мулклари хавфсизлигини таъминлаш қонун билан фаолияти тақиқланган хусусий қўриқчилар томонидан амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 24 январдаги «Ўзбекистон Республикасида қўриқлаш фаолияти билан шуғулланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 16-сон қарори билан нодавлат ташкилотлар ва жисмоний шахслар томонидан қўриқлаш фаолиятини амалга ошириш ҳамда юридик ва жисмоний шахслар хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тақиқланган.

Қўриқлаш фаолияти билан эса ИИВнинг Қўриқлаш бош бошқармаси шуғулланиши белгиланган. Кўнгилочар клублар ва бошқа тижорат ташкилотларини қўриқлашнинг алоҳида хусусиятларини, ИИВ Қўриқлаш хизматлари фаолият йўналишларини ҳисобга олган ҳолда улар ИИВ Қўриқлаш хизматларидан фойдаланмайдилар, фойдаланишга мажбурлаш ҳам имконсиз.

Бу эса кўплаб юридик ва жисмоний шахсларни қўриқчи ёллаш имкониятидан маҳрум қилди, оқибатда спортчи ва яхши жисмоний тайёргарликка эга шахсларни қўриқлашга ёллаш амалиёти шаклланди. Тегишли тайёргарлик, таълим ва тизимли тартибга солиш механизми йўқлиги қўриқчилар томонидан жиноят содир этилиши ҳолатларига сабаб бўлмоқда.

Тунги клублар, кўнгилочар масканлар ва бошқа умумий овқатланиш жойларини ёпиш, қўриқчилар фаолиятини тақиқлаш каби бошқа чоралар мазкур муаммони ечишда ёрдам бермайди, қайтанга бу каби масканлар «ер остига» кўчиб ўтади, тартибсизлик ва шафқатсиз қотиллик ҳолатлари кўпайиши эҳтимоли ошади.

Бундай масканларнинг хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда, қалтис вазиятни тўғри баҳолаб, мутаносиб ҳаракат қиладиган, ташриф буюрувчилар ва бошқа шахслар соғлиғи ва мол-мулклари хавфсизлигини қонун доирасидан четга чиқмаган ҳолда қўриқлай оладиган, махсус тайёргарликка эга, руҳий ҳолати барқарор қўриқчи профессионалларни қўриқлаш фаолиятига жалб қилиш, бунинг учун эса хусусий нодавлат қўриқлаш фаолиятига ўрнатилган лицензияланадиган фаолият тури сифатида) рухсат бериш тўғри бўлади.

Шунда хусусий қўриқлаш фаолияти билан шуғулланадиган юридик ва жисмоний шахсларга малака талаблари қўйиш, тайёргарликдан ўтказиш, руҳий ва жисмоний ҳолатини баҳолаш, муаммоли вазиятларда ўзини тутиш ва тегишли органларга хабар бериш, қонун бузилиш ҳолатларини олдини олиш ва тўхтатиш чоралари кўриш каби вазифаларни юклаш ва назорат қилиш лозим.

Хорижий мамлакатларда аҳвол қандай?

Масалан, Россия Федерациясида «Россия Федерациясида шахсий детективлик ва қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги қонунига мувофиқ хусусий нодавлат қўриқлаш фаолиятига рухсат берилган. Хусусий қўриқлаш фаолияти лицензияланади ва фақатгина юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Хусусий қўриқчидан лицензия талабларига кўра ёши 21 ёшдан кам бўлмаслиги, олий маълумотли бўлиши, тегишли тайёргарликка эга бўлиши талаб қилинади, муқаддам жиноят содир этганлиги, руҳий ҳолати ўрганилади. Иш фаолияти давомида ҳам доимий малакаси оширилиб, тизимли равишда фаолияти назорат қилиб борилади, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан доимий ҳамкорлиги таъминланади.

Америка Қўшма Штатларида ҳам хусусий қўриқлаш агентликлари фаолияти қонуний ҳисобланади ва ҳатто кўплаб давлат ташкилотлари ҳам уларнинг хизматларидан фойдаланишади. АҚШда банклар, касалхоналар, темирйўл терминаллари, парклар, университетлар ва бошқа кўплаб объектлар хусусий нодавлат қўриқлаш ташкилотлари томонидан қўриқланади. Ҳатто хусусий қўриқчиларга ташриф буюрувчиларни қурол ёки портловчи мослама мавжудлигини аниқлаш учун текшириш, бунда металлодетектор ва ускуналардан фойдаланиш ҳуқуқи берилган. Кўплаб штатларда қўриқчилар маълумоти ва малакасига талаб қўйилган ва фаолиятни амалга ошириши учун лицензия талаб қилинади. Масалан, қўриқчи ёши 18 дан кам бўлмаслиги, тегишли махсус тайёргарлик, биринчи ёрдам кўрсатиш, зиддиятлар соҳасида билимлари бўйича синовлардан ўтказилади.

Германияда ҳам хусусий қўриқлаш хизматлари юқори савияда ташкил этилган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилиб келишмоқда. Германия хусусий қўриқчилари жуда юксак касбий тайёргарликка эга бўлиб, доимий малака ошириб туришади. Бунда давлат органлари, айнан махсус хизматлар қўриқчиларни тайёрлаш ва малакасини оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Демак, тақиқлаш йўли билан эмас, балки қўриқчиларни тайёргарликдан ўтказиш, доимий ўқитиш, фаолиятини тизимли тартибга солиш орқали бу муаммони ечиш лозим. Шунда давлат органлари тизимидаги қўриқлашга масъул тузилмалар ҳам нодавлат ташкилотларга ўтиб самарали фаолият кўрсатишни бошлайди.

 

Ўткирбек ХОЛМИРЗАЕВ,

ТДЮУ ўқитувчиси, ҳуқуқшунос.

Мавзуга оид