Ўзбекистон | 17:36 / 13.08.2018
4232
3 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятидаги айрим КСЗлар кенгайтирилмоқда

Фото: Sputnik

Вазирлар Маҳкамасининг 8.08.2018 йилдаги 634-сон тегишли қарорида шу назарда тутилган, деб ёзмоқда Norma
 
Эслатиб ўтамиз, президентнинг 10.08.2017 йилдаги ПҚ–3194-сон қарори билан Тошкент вилоятида фаолият юритмаётган корхоналар ва ишлаб чиқариш майдонлари негизида 17 та кичик саноат зонаси ташкил этилган. У ерда амалга ошириладиган лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси 100 млн АҚШ доллари миқдорида кредит линияларини очган.   
 
Фойдаланилмаётган давлат мулки ва давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари объектларини киритиш ҳисобига айрим КСЗларни кенгайтириш масаласи кўтарилди. Уларнинг собиқ эгаларининг солиқ бўйича қарздорлиги бериладиган активларнинг қолдиқ баланс қиймати суммасига ёхуд қарздорлик мавжуд бўлмаса, давлат улуши ёки хўжалик бошқаруви органларининг улуши камайтирилади.
 
Ангрен шаҳар (киритиладиган ҳудудлар ҳажми – 2 га), Оҳангарон туман (10,98 га), Бекобод шаҳар (7,87 га), Қуйичирчиқ туман (2,5 га), Чирчиқ шаҳар (38,7 га) ва Янгийўл туман КСЗ (5,59 га) таркибига қўшимча ҳудуд ва объектлар киритилиши ҳақида сўз бормоқда. Шу тариқа, КСЗ кенгайтириладиган умумий майдон 67,64 гектарни ташкил этади.
 
Киритилган ҳудудлардаги давлат кўчмас мулки тадбиркорларга ноль даражали ижара ставкасида 10 йилга узоқ муддатли ижарага берилади. Башарти бизнес-режалар бажарилса, иш ўринлари ташкил этилса ва сақлаб қолинса, барча солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ўз вақтида тўланса, келгусида мулк ҳуқуқи уларга ўтиши мумкин.
 
КСЗ иштирокчиларига ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисидаги қарорлар Тошкент вилояти эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналарининг маъмурий кенгаши (25.10.2017 йилдаги ПҚ–3356-сон қарорга мувофиқ ташкил этилган) томонидан қабул қилинади. Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги низомда саноат зоналари иштирокчиларини жойлаштириш ва уларга ер ажратиш тартиби ҳақида батафсил сўз юритилган.
 
2 ой муддатда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш бўйича «йўл хариталари» ишлаб чиқилади. Тадбиркорлик субъектлари бу ҳақда хабардор қилинади ва бизнес-режалар ишлаб чиқишларида кўмак берилади.
 
Ҳужжат 10.08.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид