Ўзбекистон | 08:27
759
2 дақиқада ўқилади

Бекободда “бангихона” ташкил қилган жиноятчилар фош этилди

Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида гиёҳвандлик воситалари савдоси ва истеъмоли учун махсус “бангихона” ташкил қилган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Суд ҳукмига кўра, айбдорларга 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Маълум бўлишича, 1999 йилда туғилган, муқаддам Жиноят кодексининг 112- ва 140-моддалари билан судланган аёл 2025 йил июль ойида қўшни республикага бориб, наркосавдогар билан 1 килограмм “гашиш” моддасини 6 минг АҚШ долларига сотиб олиш бўйича келишувга эришган.

Орадан вақт ўтиб, у WhatsApp орқали гиёҳвандлик воситаси яширилган хуфия жой манзилини қабул қилиб олган. Шундан сўнг, муқаддам гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлари учун судланган икки таниши билан Бекобод шаҳри ҳудудидаги дала майдонига йўл олган.

Бироқ, улар гиёҳвандлик воситасини хуфия жойдан олаётган вақтда Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Экспертиза хулосасига кўра, олинган гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 985 граммни ташкил этган.

Тергов давомида мазкур аёл ўзининг 1993 йилда туғилган шериги билан биргаликда Бекобод шаҳридан ижарага хонадон олиб, у ерда гиёҳвандлик воситаларини сотиш ва истеъмол қилиш учун “бангихона” ташкил қилгани ҳам аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар суди ҳукмига кўра, айбланувчилар Жиноят кодексининг 246- ва 273-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга нисбатан 8 йил 3 ойдан 10 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мутасаддилар фуқароларни гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келганда ДХХнинг 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид