Ўзбекистон | 10:55 / 14.08.2018
15705
4 дақиқада ўқилади

Бош вазир умумхалқ ҳашарини ташкил этишдан кўзланган мақсадни маълум қилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов жорий йилнинг 18-19 август кунлари мамлакатда умумхалқ ҳашарини ташкил этиш бўйича тегишли топшириқларни билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Бош вазир иштирокида 14 август куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Мустақиллигининг 27 йиллиги ва яқинлашиб келаётган Ҳайит байрамларини муносиб нишонлаш, умумхалқ ҳашар ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.  

«Бир марта бўлади, «ўтади-кетади», деган гапни йиғиштирайлик, илтимос. Ҳашар анъанавий урф-удум, уни тўғри англаб, тарғиб этиб бориш керак. Ёшлар онгида «Ободлик кўнгилдан бошланади» деган ғояни чуқур сингдириш, ўз уйини, маҳалласини, иш жойини тоза, озода сақлаш, уни обод бўлишига ўз ҳиссасини қўшиш, бу жараёнларга маҳалла аҳолиси, корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимларини уюшган ҳолда, жамоа бўлиб иштирок этиш чораларини кўриш лозим бўлади», деб таъкидлаган Бош вазир.

Абдулла Арипов ҳашарга ижтимоий муассаса ходимларини мажбуран жалб этиш, умуман азалий қадрият сифатида шаклланган ҳашар ишларига кишиларни мажбуран жалб этиш каби тушунча бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди. 

«Ҳашардан мақсад шаҳар кўчаларини тозалаб олиш эмас. Бу каби ободонлаштириш ишларини ташкил этишга давлатнинг қудрати етарли. Тадбирдан кўзланган мақсад  - халқни бир-бирига яқин қилиш, бу мажбурий меҳнат эмас, балки ёшларга тарбия бериб, кичикларга ўрнак кўрсатиш маҳали», дейди у. 

Абдулла Арипов шу ўринда Тошкентда профессионал спортчи ва тунги клуб қўриқчилари билан юз берган воқеани таъкидлаб, ёшларнинг тарбияси ва маънавий оламини юксалтиришда катта ёшдаги кишиларнинг йўл-йўриғи зарурлигини билдирди. 

«Ота бобосининг мозордаги қабрини унутиб, бир йилда икки марта Ҳайит кунлари эслаб қоладиганлар бор. Унутманг, ҳаммамизнинг борар жойимиз ўша мозор, агар болаларингиз сиздан кейин ҳаққингизга дуо қилиб, қабрларни қаровсиз қолдирмай, юртни обод қилишини истасангиз, марҳамат, ўрнак бўлинг. Ўргатинг, кўрсатиб беринг», деб мурожаат қилди Абдулла Арипов ҳукумат ва Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ихтиёрий-мажбурий ҳашар тақиқланади. Шу  масала юзасидан 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 349-сонли қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш муассасалари бошқа бюджет ташкилотлари ходимларини, таълим муассаса ўқитувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макалатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйишга, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилганди.​

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид