Жамият | 10:50 / 15.08.2018
99819
4 дақиқада ўқилади

«Спарк» ва «Жигули»даги шахслар ўртасидаги ҳодиса бўйича батафсил маълумот берилди

Шу йилнинг 11 август куни Учтепа туманида содир бўлган ҳодиса юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Воқеанинг тўлиқ тафсилотларини ўрганиш жараёнида барча далилий ашёлар тўпланиб, ушбу жиноий иш иштирокчиларининг кўрсатмалари олинди ва уларнинг ҳар бирига албатта тегишли баҳо берилади, деб хабар қилмоқда пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Ҳозирга қадар воқеанинг 3 нафар жабрланувчиси ва яна 3 нафар гумонланувчиси кўрсатма берган. Яна икки гумондор, жумладан ҳодиса ташкилотчиси деб айтилаётган 27 ёшли Ж.Шохруҳни қўлга олиш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аниқланишича, жабрланувчи – 23 ёшли А.Ботиржон таниши Шохруҳдан пул қарз олиб, охирги 500 минг сўмни қайтаролмаган. Гумонланувчи Ж.Шохруҳ 24 ёшли Г.Зиёвуддин, 31 ёшли М.Музаффар, Н.Бекзод ва 33 ёшли И.Абдуғани билан «ВАЗ-2105» (Музаффар бошқарувида) ва Абдуғани бошқарган «Нексия-3» автомобилида «Ватан» кинотеатри ёнида «Спарк» машинасини бошқариб кетаётган 34 ёшли М.Жасурнинг йўлини тўсиб уни тўхтатишган. Қўлга олинганларнинг кўрсатма беришича, Зиёвуддин «Спарк» машинасининг шинасига зиён етказган, Музаффар эса ойнасини синдирган.

Шундан сўнг, ҳуқуқбузарлар жабрланувчиларни куч билан ўзларининг машиналарига ўтқазиб, Сергели туманига олиб кетишган ва ўша ерда уларга тан жароҳати етказишган. Жароҳат даражасига шифокорлар аниқлик киритишмоқда. Шундан кейин Г.Зиёвуддин ва Н.Бекзод жабрланувчиларни шифохонага олиб бориб, ҳақиқатни айтиб қўймаслиги учун кузатиб туришган. Қўрқув остида қолган жабрланувчилар шифокорларга бўлиб ўтган воқеа ҳақида айтишмаган ва ички ишларга ҳам хабар беришмаган. Лекин ҳолат тасвирланган видеолавҳа Интернет тармоғида тарқатилгандан сўнг, сир ошкор бўлган. Тошкент шаҳар ИИББ мазкур тасвир асосида тезкор тергов ҳаракатларини олиб бориб, шу куни кечки пайт гумондорларнинг шахсига аниқлик киритилган ва қисқа фурсатда улардан 3 нафари қўлга олинган.

“Шу ўринда шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ИИББ томонидан барча чора-тадбирлар олиб борилаётганини таъкидлаш жоиз. Лекин ушбу масъулиятли вазифани уддалаш осон бўлмаган ишдир. Шунга қарамай, Тошкент шаҳрида нафақат жиноий ҳолатларнинг ошиб кетмаслигига, балки уларнинг сонини камайтиришга эришилмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, жорий йилнинг 7 ойида безорилик ҳолатлари ўтган йилга нисбатан -56,7%га, оғир жиноятлар -34,7%га, ўта оғир жиноятлар -48,4%га пасайган.

Алоҳида қайд этиб ўтиш керакки, бу каби ютуқларда ҳамшаҳарларимизнинг ҳам катта ҳиссалари бор. Бунда ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътиборсиз бўлмай «102»га хабар берган ёки видео ва фотолавҳаларни юбориб бизни хабардор қилиб келаётган фаол ҳамшаҳарларимизнинг ёрдами катта бўлмоқда. Орамизда ўзининг она шаҳри ва одамлар тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар кўплигидан хурсандмиз”, - дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид