Ўзбекистон | 14:18 / 16.08.2018
7439
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Ҳиндистонга расмий ташриф билан боради

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида Ҳиндистонга илк расмий ташрифини амалга оширади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари Суҳроб Холмуродов Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳукуматлараро комиссиясининг 11-мажлисида маълум қилди.

«Умид қиламизки, комиссиянинг бугунги мажлисида, шунингдек, бизнес-форумда жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган ҳар икки етакчи учрашуви кун тартибини аниқ сиёсий мазмун билан тўлдирадиган қўшма тадбирлар ва лойиҳалар бўйича келишиб оламиз», - деди у.

Ҳиндистон савдо ва саноат вазири Суреш Прабхунинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарининг ташрифи Ҳиндистонда давлат байрами бўлган ва 2 октябрда нишонланадиган Ганди («Ганди жаянти») туғилган кунига тўғри келади.

«Ҳозирги ҳамкорлик даражаси мавжуд салоҳиятга мутлақо мос келмайди. Шу боис, биз мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага кўтарадиган янги йирик инвестиция лойиҳаларини шакллантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф қиламиз», - дея таъкидлаб ўтди Холмуродов.

Бош вазир ўринбосарининг фикрича, савдо-сотиқ ва инвестицияларнинг ривожланиши «узоқ муддатли стратегик шерикликнинг мустаҳкам пойдеворини» яратиши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид