Жамият | 19:01 / 16.08.2018
10841
3 дақиқада ўқилади

Тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилиши фош қилинди

Республика божхоначилари томонидан тилла ва заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига доир навбатдаги божхона қоидабузарликлари фош қилинди, деб хабар бермоқда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Андижон вилояти божхона бошқармаси. “Дўстлик” чегара божхона пости ҳамда Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари республикамиздан чиқиб кетаётган қўшни давлат фуқароси Ҳ.Ё.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига чек қўйишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ушбу шахс холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, ички кийимлари орасига салкам 130 гр. оғирликдаги тилла тақинчоқларни яширганча, олиб чиқмоқчи бўлганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳузуридаги қимматбаҳо металлар агентлиги Давлат асиллик даражасини белгилаш палатасининг хулосасига кўра, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган мазкур тақинчоқларнинг умумий қиймати эса 25 млн. 854 минг сўмни ташкил қилди.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси. Ғишткўприк чегара божхона постида юртимизга кириб келган республикамиз фуқаролар Ш.Н. ва Ш.С.лар заргарлик буюмларини олиб киришда жирканч усулдан фойдаланишди. Яъни, божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилиш мақсадида тилла тақинчоқларни ички кийимлари ва жинсий аъзоларига бекитиб, олиб ўтишга уринишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Хусусан, Ш.Н.га қиймати 14,5 млн. сўмдан ортиқ бўлган жами 167 гр. оғирликдаги, Ш.С.га эса 12, 4 млн. сўмлик 149 гр. оғирликдаги заргарлик буюмларини олиб ўтиш “насиб” қилмади.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси. Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари “Бош почтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тилла ва заргарлик буюмларини хориждан почта жўнатмалари орқали юборилишига доир божхона қоидабузарлигини фош қилишди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Россиядан Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро М.М. номига юборилган почта жўнатмаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, унда тегишли божхона декларациясида кўрсатилмаган салкам 120 гр. оғирликдаги 31 дона кумушдан ишланган тақинчоқлар борлиги аниқланди.

Ҳозирда заргарлик буюмлари ушбу ҳолатга аниқлик киритилгунга қадар вақтинча сақловга олинди.

Мавзуга оид