18:34 / 20.08.2018
29785

Сурхондарёда йирик цемент заводи ишга тушди

Шеробод туманида “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан барпо этилган цемент заводи фойдаланишга топширилди. Унинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” ва “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамиятлари, Туркиянинг “Dal teknik makina ticaret ve sanayi a.s.” компанияси ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Баҳодир Пўлатов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 10 октябрдаги “Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи қурилиши инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан қуриб, фойдаланишга топширилаётган ушбу цемент заводи воҳамизда қурилиш саноатини замон талаблари даражасида ривожлантиришда, замонавий қурилиш материалларини кўпайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни экспортга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашди.

Ҳақиқатдан ҳам, технологик қисми туркиялик ҳамкорлар томонидан амалга оширилган мазкур заводнинг Шеробод туманида бунёд этилишининг ўзига хос афзалликлари бор. Чунки энг йирик, яъни 708 миллион тонна цемент хом ашёси, шу жумладан, 530 миллион тонна оҳактош ва 178 миллион тонна тупроқ (глина) мавжуд конлар айнан шу ҳудудда жойлашган.

Қиймати 212,8 миллион АҚШ доллари бўлган ушбу инвестиция лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида бу ерда йилига 1,5 миллион тонна юқори сифатли портландцемент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳамда туманнинг 1200 нафар фуқаросини доимий иш билан таъминлаш имконияти яратилди.

Сурхондарё вилоятининг географик жойлашуви нафақат юртимизда амалга оширилаётган, балки қўшни давлатлар, шу жумладан, Афғонистон Республикасида ҳам кенг кўламдаги қурилиш бунёдкорлик ишлари учун зарур бўлган цемент маҳсулотининг ички ва ташқи бозорда ўз харидорини топиш имкониятини беради.

Top