Спорт | 18:30 / 20.08.2018
7671
10 дақиқада ўқилади

«Ўн беш ёшли мураббий». Маурицио Сарри ва унинг ҳикояси

Ҳамма «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»нинг ажойиб таркиби ва янги мавсумдаги амбициялари ҳақида гапиришдан тўхтамаётган бир пайтда, «Челси»нинг янги мураббийи Маурицио Сарри шогирдлари билан икки ўйинда юз фоизлик натижа кўрсатиб улгурди. Лондонликларнинг ҳақиқий етакчиси Эден Азардан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганини ҳам назарда тутсак, жуда қониқарли натижа. Табиийки, яна бир неча тур ўтгач, агар ўйин услуби жиҳатидан бутунлай ўзгараётган «Челси»ни яна турнир жадвали юқориларида кўрсак, бутун Англия эътиборини Саррига қаратиши турган гап – «эски қишлоқда янги одат»?

Сарридан футболчи чиқмаган. У фақат бир неча йил ярим ҳаваскор жамоада, D Cериядаги «Фильина» жамоасида ўйнаган холос. Лига даражасини тушунтириш учун бир мисол: Ўйинлардан бирида 15 ёшли Саррининг ўзи мураббийлик вазифасини бажарганди. Сафардаги ўйин олдидан бош мураббий раҳбарият билан жанжаллашиб қолади ва ишлашдан бош тортади. Ўшанда Маурицио вазиятни ўз қўлига олди, ҳакамга мураббий кечикаётганини айтиб тушунтиради, ўйинга таркиб ва схемани тузади ва жамоа 2:1 ҳисобида ғалаба қозонади. Мураббий буни эшитиб ҳайрон қолгани аниқ. Сарри эса, ўзини худди ҳеч қандай катта иш қилмагандек тутиб тураверади.

19 ёшида Сарри футбол ўйнашни йиғиштирди. Жароҳатлар, шунингдек, жамоа раҳбариятидан норозилик бунга сабаб бўлди. Саррига бир юқори дивизиондаги «Монтеварчи» клуби харидор бўлган, лекин «Фильина» раҳбарлари ҳаддан ташқари катта нарх сўраб юборишган, натижада Саррининг бир қадам юқорига кўтарилиши амалга ошмай қолганди. D Cериянинг ёш марказий ҳимоячисини барча унутиб ҳам юборди, албатта.

Даромад тўхтагач, қаердадир ишлаш керак эди. Ота оддий завод ишчиси бўлган оилага пул зарур эди. Маҳаллий коллежда иқтисод ва банк иши мутахассислиги бўйича таълим олиш имконияти пайдо бўлгач, Сарри ўйланиб ўтирмади. 1980 йилда, ўқишни тугатиб, Сарри Италиянинг эски банкларидан бирига клерк бўлиб ишга жойлашди. Ёшлигида китобдан кўра тўп билан кўпроқ вақтини ўтказган Мауриционинг истеъдоди бор экан, банк ишларини жуда тез ўрганиб олди.

Бир неча йил ўтиб, Саррининг мансабини оширишди ва марказий офисдан ғарбга ўтказиб юборишди. Натижада, у жуда кўп вақтини хизмат сафарларида ўтказадиган бўлди, Люксембург, Германия, ярим йил Англияда яшашга ҳам тўғри келди. Сарри у ерларда банклараро шартномаларни тузиш билан шуғулланар, кейинчалик унинг ўзи эслашича, бу иш уни умуман Сарри учун эмасди, шунчаки, навбатдаги саргузашт эди холос.

Айниқса, банк томонидан қоидага киритилган дресс-код – ишга албатта костюм-шимда бориш Маурициога ёқмасди. Шу тариқа 9 йил ўтди, ҳаёт анча барқарор, даромад ҳам жойида, аммо Сарри футболдан узоқда эди. Чидай олмади.

1989 йилда, 30 ёшли Маурицио D Сериядаги ҳаваскор жамоа бўлмиш «Стеа» сафига бориб қўшилди. У ерда қаҳрамонимиз жуда тез етакчига айланди, аммо эски жароҳат безовта қилар, ҳар доим ҳам шуғулланишга имкон бермасди.

Бир кун ҳамаси ўзгарди. 1990/91 йилги мавсумни «Стиа» муваффақиятсиз бошлади ва 8 ўйиндан кейин мураббий истеъфога чиқарилди. Клуб янги мураббий ахтараётганда жамоа сардори Вани Бергамаски президентга Саррини таклиф қилди. Нега уриниб кўриш мумкин эмас? Сарри рози бўлди.

Шундай қилиб, Маурицио Сарри 33 ёшида мураббийлик фаолиятини бошлади. Энди унинг бўш вақти умуман бўлмас, эрталабдан кечагача банкда ишлаб, кейин машғулотларга борарди. Бўш вақт тўлиқ футболга бағишланар, ҳар сешанба La Repubblica газетасини сотиб олиб, машҳур аналитик Жанни Бреранинг ҳар бир мақоласини диққат билан ўқиб чиқарди. У пайтларда Италия терма жамоасини Арриго Сакки бошқарар, унинг терма жамоадаги янги тактик услубларини Сарри айнан газетадаги материаллардан ўрганиб оларди.

Асосан иш вақтидан кейин машғулот ўтказадиган ҳаваскорлар билан ишлаган Сарри ўша пайтларни жуда илиқ хотирлайди ва кўпинча, ўша ҳаваскорлар футболга бўлган муносабат борасида аксарият профессионаллардан устун эканини кўп гапиради.

Шу тариқа, тўққиз йил ишлаб, бешта мана шундай жамоани бошқарган Сарри банкдаги ишини бироз енгиллатмоқчи бўлди ва энди молиявий маслаҳатчи бўлиб ишлай бошлади. Янги лавозимда иш вақти озроқ эди.

«Мен банк офисида ўтириб, мураббийлигим, футбол ҳақида ўйлаб ўтирардим. Тезроқ ишдан чиқиб, стадионга бориш учун соатга термулардим. Бу даврда мен фақат ва фақат футбол ҳақида ўйлай бошлаган, бир кун келиб, банкдаги ишимдан воз кечишим аниқ эканини билиб турардим», – деб эслайди Маурицио.

2000 йилда шундай бўлди ҳам. Саррини ишга таклиф қилган «Сансавино» клуби босслари юқори дивизионга чиқишни жиддий мақсад қилишганди. Вазифани бажариш учун кўпроқ ишлаш ва бунинг учун эса, банкдан кетиш кераклигини Сарри тушунарди. Жонга теккан банк ишини ташлашга яна бир сабаб эса, албатта, Мауриционинг отаси ва унинг ҳаёти эди.

Катта Сарри ўз вақтида яхшигина ҳаваскор велосипед пойгачиси бўлган ва 37 пойгани ютганди. Бу натижа Тур де Франц-1960 ғолиби, машҳур Настоне Ненчининг ҳам эътиборини тортган ва у Саррини ўз профессионал жамоасига таклиф қилганди. Рискдан қўрққан ота таклифни рад этган, кейинчалик, аста-секин велоспортдан узоқлашиб, заводга ишга кирганди. Бу қарорнинг нотўғри бўлгани ҳақида у бутун умр эслаган ва пушаймон бўлган экан. Маурицио бир кун келиб отасининг ҳолатига тушиб қолишни истамасди. 

Бундай танлов осон эмасди, агарда Саррининг ёнидагилари қўллаб-қувватлаб турмаганида, ким билади, вазият бутунлай бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. «Агар сен шу билан ўзингни бахтли ҳис қиладиган бўлсанг, ўйланиб ўтирмаслигинг керак» – деди рафиқаси. Банкда ҳам уни тўғри тушунишди. Саррининг профессионал мураббий бўлиш орзусини улар ҳам жуда яхши билишар, шунинг учун хайрлашув кечасида Сарри учун хурсанд бўлишди.

Қирқ ёшида катта маошдан воз кечиб, ярим профессионал футбол жамоасига ўтган Сарри ҳеч нарсадан қўрқмасди: «Ниҳоят мен текинга ҳам қилишим мумкин бўлган севимли ишим билан шуғулланаман».

Йигирма йиллик банк стажи Саррига ўтиш жараёнида ёрдам берди. Дастлабки нормал пуллар унга беш йил ўтиб, В Сериядаги «Эмполи»ни бошқарганида кела бошлади, унгача эса, оила йиғиб қўйилган пул билан кун кечиришганди.

Банкдаги фаолият Саррига 2015 йилда ҳам ёрдам берди. «Наполи» босси Аурелио Де Лаурентис Рафа Бенитесдан сўнг, ўзига мураббий қидираётиб, Сарри вариантида тўхтади. Айтишларича, Аурелиони Сарри досьесидаги банк тажрибаси қизиқтириб қўйган экан. Муҳим қарорларни тез қабул қила олиш қобилияти банкирларга хос бўлишини билган президент Сарридан ҳам худди шу хусусиятни кутган экан.

Сарри уялтириб қўймади. «Наполи» Италия чемпиони бўла олмаган бўлса-да, бунга сабаб кўпроқ «Ювентус»нинг ўта кучли эканини ҳамма билиб турарди. Ўтган мавсумда «Наполи» 91 очко билан 2-ўринни олди. Бу Италия футболи тарихида 90 очкодан кўпроқ тўплаб, чемпион бўла олмаган илк жамоа сифатида қайд этилди. Шунингдек, «Наполи» А Серияда тўп узатишлар ва зарбалар сони, яратилган вазиятлар ва яна бир қанча статистик кўрсаткичлар бўйича ҳам пешқадам бўлди.

Бундай ўсиш катта харидлар ва трансферлар эвазига эмас, Саррининг тактик услублари эвазига бўлганди. Сарри иқтисодчи эмасми, ўзида мавжуд бўлган ресурслардан фойдалана олишни жуда яхши билади. 2016 йилда «Наполи»нинг асосий ҳужумчиси Гонсало Игуаин катта пулга сотиб юборилгач, жамоа мухлислари тинмай ҳужумчини айблай бошладилар. Лекин Сарри учун бу муаммо эмасди. Трансфер бозорида катта пул билан ҳужумчи излаш ўрнига, мураббий жамоанинг ўйин услубини мослаштирди. Дрис Мертенсни «алдамчи тўққизлик» сифатида ўйнатиб, Жоржиньони марказда ўтказди. Мертенс ўтган мавсумда 22 гол ва 12 голли узатмани амалга оширди, бир йил олдин эса, янада катта натижа – барча мусобақаларда 34 гол ва 15 голли узатма муаллифи бўлганди. Жоржиньо ҳам Европанинг кўзга кўринган ярим ҳимоячиларидан бирига айланди. Пеп Гвардиола уни ўз жамоаси сафида кўришни жуда истагани ҳам буни исботлаб турибди.

Сарри «Челси»га келгач, янги мураббий, умуман АПЛ жамоаларига хос бўлмаган тарзда, трансфер бозорида фаол бўлмади. Сарри «Наполи»дан олиб келган Жоржиньо «Челси»нинг ягона кўзга кўринарли трансфери бўлди холос. Бу ҳолат баъзилар учун ғалати туюлиб, «Челси»нинг янги мавсумдаги инқирозини айта бошлаган бўлишса, бошқалар Абрамовичнинг «Челси»га қизиқмай қолганини тахмин қилдилар. Аммо аслида гап бунда эмас, «Челси»ни энди банкир-мураббий бошқараётгани аҳамият бериш тўғрироқ бўлармикин... Ахир Сарри мавжуд активлардан фойдаланишни жуда яхши билади, шундай эмасми?

Мавзуга оид