Ўзбекистон | 00:55 / 23.08.2018
22258
6 дақиқада ўқилади

Бахмалдаги мактаблардан бирида муаммо: синфхоналар етишмаяпти

Жиззах вилояти Бахмал туманидаги «Ғаллакон» МФЙ, Удамали қишлоғидан Kun.uz таҳририятига қуйидаги мазмунда мурожаат келиб тушди:

«Қишлоғимиздаги 29-ўрта мактаб ҳолати қониқарсиз аҳволдалиги учун сизга ёрдам беришингиз учун мурожаат қиляпман. Мактаб 10-12 йил олдин қайта қурилган, лекин қизиғи — у 7 та ўқув хонасига эга, уларнинг ҳам бири компьютер хонаси. Ҳозир мактаблар 11 йиллик бўлгач, кўп ноқулайликлар келтириб чиқмоқда. Спорт зали бир неча йиллар олдин халқ томонидан ҳашар йўли билан қурилган, ҳозир авария ҳолатда бўлганлиги учун ишламайди. Устахона, овқатланиш хоналариям хароба аҳволда. Ҳозир мактаб 11 йиллик бўлгач, «Чақирувгача ёшларни тайёрлаш хонаси» талаб қилинади, лекин хона йўқ. Спорт жиҳозларини қўйишга жой йўқ. Илтимос, мазкур мавзу бўйича шу ишга масул бўлган туман халқ таълими бўлими вакилларини уйғотсангиз. Қишлоққа спорт зали, қўшимча синф хоналари, болалар овқатланиш жойлари қуриб берилишида ўз ёрдамингизни аямасангиз».

Биз таҳририят топшириғи билан Бахмал туманидаги Удамали қишлоғида жойлашган 29-умумтаълим мактабини бориб кўрдик. Айтиш жоизки, қишлоқни ўртасидан Сангзор дарёси ёриб ўтади. Қишлоқнинг ярим боласи нариги қирғоқдаги 28-мактабга боришар экан.

Кўриниб турибди, мактаб биноси янги, ҳали бинойидек, таътил вақтида ҳам яхши таъмирланган. Янги ўқув йилида ўқувчиларни қабул қилишга тахт қилиб қўйилган. Тан олиш керак, удамалилик педагоглар борини авайлаб, кўз қорачиғидек асраб юришибди.

Мактабга расман дам олиш куни деб эълон қилинган 22 август куни бордик, ёшлар иттифоқи етакчиси Азам Яхшибоевнинг бир ўзи мактабда навбатчилик қилаётган экан. Биз директор (Ботир Дўстбеков) ни қўнғироқ қилиб ҳам топа олмадик. Шундан сўнг маънавият ишлари бўйича директори ўринбосари Абдужалил Эгамбердиевдан мактабга оид маълумотлар олдик.

А.Эгамбердиевнинг ҳикоя қилиб беришича, мазкур мактабга 1974 йили 8 йиллик мактаб сифатида асос солинган. Кўп бинолар ўшанда қишлоқ аҳлининг саъй-ҳаракатлари эвазига ҳашар йўли билан солинган. 1980 йилда мактаб 10 йиллик мактабга айлантирилади. Эски мактабда хоналар кўп бўлган, ҳаттоки дарслар бир сменада ташкил этилгани эслаб ўтилди.

2005 йили мактаб 180 ўринга мўлжаллаб, қайта қурилган. Шу вақтгача 1-9 синфлар 2 сменада бемалол таҳсил олиб келган.

Бугунги кунда мактабда 6 та (ҳар бири максимум 30 ўқувчини сиғдира олади) синфхона, битта компьютер хонаси ва кичикроқ кутубхона мавжуд.

Директор ўринбосарининг айтишича, мактаблар 11 йиллик таълим тизимига қайтгач, мактабда синф хонаси билан боғлиқ муаммо вужудга келган.

Гап шундаки, 2017/18 ўқув йилида синфлар сони 12 та бўлган ва 2 та сменада жами 246 нафар ўқувчини бемалол қамраб олиш мумкин бўлган. Жорий йилда 1-синфга 18 та бола қабул қилинган. Буёғда 11-синфлар ҳам бор. Синфлар сони 13 тага етган. Мактабда ўқийдиган умумий ўқувчилар сони бу йил 264 нафаргача кўпайган.

Масалан, мактабда III ва VII синфлар иккитадан. Учинчи синфда 17 ва 16 нафар, еттинчи синфда 18 ва 16 нафар бола таҳсил олади. Уларни қўшиб, бир синфга қўшиб, сиғдиришнинг имкони йўқ. Энг кўп ўқувчи IV синфда таҳсил олади — 29 бола.

«Ғаллакон» МФЙ раиси Сарвар Ташановнинг айтишича, қишлоқда 320 та хонадонда 2222 нафар аҳоли истиқомат қилади. Юқорида таъкидлаб ўтганимиздек, нариги қирғоқдагилар 28-мактабга боради. Ортиқча ўқувчиларни ўша мактабга жўнатишнинг имкони йўқ. Дарё кечиб ўтиш керак, яқин кўприк эса 3 км узоқликда жойлашган.

С.Ташанов мактаб ҳудудида жойлашган Маҳалла фуқаролар йиғини биносидан битта хонани вақтинча синф учун ажратиб бериб туришга келишишганини билдириб ўтди.

Мактабдаги спортзал чиндан ҳам авария ҳолатида. Ундан фойдаланилмаяпти. Директор ўринбосари А.Эгамбердиевнинг таъкидлашича, директор мазкур муаммо бўйича туман халқ таълими бўлимига мурожаат қилган. Удамалиликларни қийнаётган муаммо келгуси йили ҳал бўладиган кўринади — мактабга қўшимча бино ва спортзали қурилиши 2019 йилги инвестиция дастурига киритилган.

Биз мазкур масала юзасидан Бахмал туман ҳокимлигида ҳам бўлдик. Туман ҳокимлиги қурилиш бўлими мутахассислари Мурод Исоқов ва Сирожиддин Сиддиқовнинг таъкидлашча, мазкур ҳудудда қўшимча мактаб биноси қурилиши бўйича чиндан ҳам 2019 йилги инвестиция дастурига таклиф киритилган.

Кейинги йилларда Бахмал туманида мактаблар, филиаллар қуриш, уларни капитал реконструкция қилишга жиддий эътибор берилаётганини таъкидлаган мутахассис С.Сиддиқов, айни пайтда тумандаги 12 та мактабда янги бинолар қуриш ва капитал реконструкция қилиш ишлари тугалланаётганини айтди. Вилоятда мактаб масаласига жиддий эътибор берилаётганига урғу берган мутахассис, 29-мактаб ҳам албатта янги қўшимча бинога эга бўлишини айтиб ўтди.

Туман халқ таълими бўлими эксплуатация хизмати бошлиғи Мадамин Босимовнинг билдиришича, 2019 йилги инвестиция дастурига киритилган таклифга кўра, 29-мактабда 120 ўринли қўшимча янги ўқув биноси, 12×24 м ўлчамли спорт зали қуриб берилади.

Ҳа, таклиф тумандан берилган. Тумандан тушган таклифлар жамланиб, вилоят халқ таълими бошқармасига узатилади. У ердан республика халқ таълими вазирлигига. Республикадаги вазирликлар таклиф лойиҳаларини тасдиқлаб беради ва молиялаштиради. Ўйлаймизки, мутасаддилар удамалиликларни қийнаётган муаммони ижобий ҳал қилиб беришади. Зеро, бу масканга чиндан ҳам қўшимча синфхоналари керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид