10:54 / 24.08.2018
11266

Олимпия захиралари мактаб-интернатларига қабул қилиш қоидалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамасининг 14.08.2018 йилдаги 660-сон қарори билан ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш ва ота-оналар тўловини тўлаш тартиби тасдиқланди, деб ёзмоқда Norma.
 
Мактаб-интернатга қабул қилиш
 
Болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабларида, спорт таълим муассасалари ёки спорт клубларида дастлабки тайёргарликдан ўтган, спорт билан шуғулланишга иқтидори бўлган ҳамда мактаб-интернатда ўқиш истагини билдирган ўқувчиларни қабул қилиш 6-синфдан амалга оширилади. Ўқувчилар танлов шартлари бўйича ўзлаштириш табели асосида қабул қилинади. Қабул комиссияси ҳужжатларни қабул қилади ва танлов ўтказади.

Ҳужжатлар 20 июнь – 20 июль мобайнида қабул қилинади. Ўқишга кирувчилар қуйидаги ҳужжатларни шахсан тақдим этадилар:

• ўқувчининг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан мактаб-интернат директори номига ариза;
• туғилганлик тўғрисида гувоҳнома нусхаси (асли комиссияга шахсан кўрсатилади), гувоҳнома такроран берилган ҳолларда – туман (шаҳар) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш (ФҲДЁ) органининг мазкур далилни тасдиқловчи маълумотномаси;
• тиббий маълумотномалар (Ф-026-у шаклдаги мактаб тиббий анкетаси, Ф-063-у шаклдаги профилактик эмлаш картаси, Ф-086-у шаклдаги тиббий маълумотнома, қон, пешоб, гижжа тухуми таҳлили, ЭКГ, 14 ёшдан бошлаб флюорография, турар жойидан болалар врачидан кечирган касалликлари тўғрисидаги маълумотнома, психоневрологик диспансердан маълумотнома, якка кураш турлари учун – умуртқа поғонасининг кўкрак ва бел қисмларининг икки проекциядаги рентген расми ҳамда травматолог хулосаси);
• турар жойидан маълумотнома;
• 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 8 та рангли фотосурат.
 
Кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда қабул комиссияси ўқувчиларнинг ҳужжатларини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас. Спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги ғолиб ва совриндорлари, Ўзбекистоннинг спорт терма жамоалари аъзолигига ҳамда уларнинг захирасига кирганлар мактаб-интернат ўқувчилари сафига имтиҳонларсиз имтиёзли равишда қабул қилинадилар.

Касбий (ижодий) имтиҳонлар 21 июль – 28 июль мобайнида ўтказилади. Спорт турлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар меъёрлари Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан тасдиқланади. Касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари 1 август куни эълон қилинади.

Қабул комиссияси қарори асосида ўқувчиларни қабул қилиш тўғрисида мактаб-интернат директори томонидан буйруқ чиқарилади ва ўқувчиларнинг шахсий ҳужжатлари расмийлаштирилади.
 
Касбий (ижодий) имтиҳон натижаларидан норози бўлган шахслар танлов натижалари эълон қилинган кундан кейин 3 кун муддатда мактаб-интернатнинг қабул комиссиясига ариза билан мурожаат қилишлари мумкин. Аризаларни кўриб чиқиш учун 3 кишидан иборат апелляция комиссияси тузилади. У 3 кун муддатда аризани кўриб чиқиб, аризани ва имтиҳон материалларини кўриб чиқиш якунларига кўра қабул комиссиясига ёзма ҳисобот топширади. 
 
Ота-оналар тўлови

Ота-оналар ҳар ойда улар ва мактаб-интернат маъмурияти ўртасида тузилган шартнома асосида озиқ-овқат харажатларини қисман қоплайдилар. Ота-оналар тўлови банкка тўланади, мактаб-интернатга тўлов тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг нусхаси (квитанцияси) тақдим этилади.

Тўлов жорий ойнинг 10-кунидан кечикмай тўланади. Тўлов бир ҳафта мобайнида тўланмаган тақдирда ўқувчига текин (имтиёзли) озиқ-овқат бериш тўлов тўланадиган вақтгача тўхтатилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган кам таъминланган оила тўғрисидаги маълумотнома асосида ота-оналар тўловдан озод қилиниши мумкин. Ҳужжат мактаб-интернатга тақдим этилади. 

Ота-оналар тўлови миқдори 1 ЭКИҲни ташкил этади. Айрим ҳолларда (қуйидаги жадвалга қаранг) келмаган кунлар сонидан келиб чиқиб, сумма қайта ҳисобланади. Мактаб-интернатга ота-оналар тўловининг бир кунлик миқдорини ҳисоблаш ота-оналарнинг бир ойлик тўлови миқдорини қонун ҳужжатларига мувофиқ мактаб-интернатнинг ойлик иш жадвали бўйича иш кунлари сонига тақсимлаш йўли билан амалга оширилади.

Ҳужжат 16.08.2018 йилдан кучга кирди.

Top