Спорт | 20:30 / 24.08.2018
25775
4 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари. Олтинчи куни Ўзбекистон икки медал билан кифояланди

Ўзбекистонлик спортчилар Осиё ўйинларининг олтинчи кунида 10та спорт тури бўйича иштирок этишди ва иккита медал қўлга киритишди.

Академик эшкак эшиш

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Шахбоз Холмурзаев яккалик баҳсларида тўртинчи бўлди.

Тўртлик баҳсларида иштирок этган спортчиларимиз (У.Давронов, Ф.Астанов, А.Муҳамадиев, Ш.Абдужабборов) финалда тўртинчи ўринни эгаллашди.

Саккизталик баҳсларда стартга чиққан спортчиларимиз (А.Яров, Д.Баҳриев, И.Мамбетназаров, Д.Хурсанов, Ш.Нажмиев, О. Раҳимов, Ш.Ҳакимов, З.Усмонов, А.Краснов)маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва кумуш медални қўлга киритишди.

Жиу-житсу

-69 кг вазн тоифасидаги Ҳомиджон Мўминов ва Асадулло Бозоров нимчорак финалдаёқ турнирни тарк этишди.

56 кг вазн тоифасидаги Акмал Амиров ва Достон Рўзиев эса чорак финалга чиққанди. Бу спортчилар ярим финалга йўлланма олишолмади ва бронза медал учун ўтиш ўйинларида иштирок этишди. Достон Рўзиев ўтиш ўйинида туркманистонлик Кемал Мередовга ютқазди (3:6), Амиров эса қозоғистонлик Куандик Конисов устидан соф ғалабага эришди. 

Акмал Амиров бронза медали учун бошқа бир қозоғистонлик спортчи Сайдали Нуржон билан беллашди ва ютқазди.

Пенчак силат

Пенчак Силат бўйича -65 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Абдумалик Салимов илк жангида эронлик Муҳаммад Раҳимбалани 3:0 ҳисобида мағлуб этди ва ярим финалга йўл олди. У ярим финал жангини 26 август куни индонезиялик Пратама Иқбол Сандрага қарши ўтказади.

-55 кг вазн тоифасидаги Муниса Раббимова эса илк жангдаёқ вьетнамлик Тран Ти Темга ютқазиб, иштирокини якунлади.

Гольф

Ўзбекистонлик гольфчилар жамоаси 20 жамоа орасида 19-ўринни эгаллади. Яккалик баҳсларда ҳам Ўзбекистон вакиллари қуйи ўринларни банд этишди - Канатбек Курбаналиев - 75, Тен Роман - 78 ва Сергей Чен - 81.

Оғир атлетика

Оғир атлетика бўйича финал баҳсларда -85кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Суннатилла Ўсаров даст кўтаришда 158 кг, силтаб кўтаришда 182 кг, жами 340 кг натижа кўрсатди ва олтинчи ўринни эгаллади. 

Велоспорт

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Велоспортчи Муроджон Холмуродов финалда 40 км масофани 57:10.52 дақиқада босиб ўтди ва 16 иштирокчи орасида иккинчи натижани қайд этиб, Осиё ўйинлари кумуш медали совриндорига айланди.

Спорт гимнастикаси

Ўзбекистон спорт гимнастикаси жамоаси бугунги баҳсларда медал ололмади. Антон Фокин финалга чиқолмади, Расулжон Абдураҳмонов финалда охирги ўринни эгаллади. 

Бокс

Фото: Ҳасан Пирмуҳаммедов

Ўзбекистон бокс жамоаси ҳам Осиё ўйинларидаги иштирокини бошлади. Аёллар жамоаси вакили, -57 кг вазн тоифасидаги Ёдгорой Мирзаева баҳсларга қўшилди. Аммо у 3 раунд давом этган жангда Хитой Тайпей вакили Хсиовен Хуангдан мағлуб бўлди

Ўзбекистон бокс терма жамоаси вакили, -69 кг вазн тоифасида Осиё ўйинларига ташриф буюрган Бобоусмон Батуров илк жангда ғалабага эришди. 1/16 финал доирасида мўғулистонлик Отгонбатар Бямба-Эрденга қарши рингга кўтарилиб, мутлақ устунликка эришиб, нимчорак финалга йўл олди. Кейинги босқичда у эронлик Козимзода Сажжодга қарши рингга кўтарилади.

Сузиш

Владислав Мустафин 50 метрга брас сузиш баҳсларида учинчи натижа билан финалга йўл олди. Аммо у финалда бешинчи ўринни эгаллади.

Теннис

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Ўзбекистон теннис жамоаси етакчиси Денис Истомин Осиё ўйинлари финалига йўл олди. У ярим финалда ҳиндистонлик Гуннесваран Прайнешни 2 сет давом этган баҳсда 6:2, 6:2 ҳисобларида мағлуб этди.

Энди Истомин финалда хитойлик Ву Йибингга қарши кортга чиқади.

Шу тариқа, Ўзбекистон делегацияси медалларининг умумий сони 21тага етди. Айни вақтда ўзбекистонликлар умумий рейтингда 4та олтин, 10та кумуш ва 7та бронза билан ўнинчи ўринда бормоқда.

Мавзуга оид